Ўзбекистон фуқаролари 2020 йилда 15 триллион сўм даромад солиғи тўлади ─ Молия вазирлиги

Ўзбекистон фуқаролари 2020 йилда 15 триллион сўм даромад солиғи тўлади ─ Молия вазирлиги

Молия вазирлиги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича 2020 йилдаги тушумлар ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисоботга кўра, ўтган йили аҳоли 15,1 триллион сўм (ЯИМнинг 2,6 фоизи) даромад солиғи тўлаган. Бу 2019 йил охирида прогноз қилинган миқдордан (16,1 триллион сўм) 1 триллион сўмга камдир.

Маълум қилинишича, тушумлар камайиши пандемия давридаги чекловлар сабаб тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий фаоллиги пасайиши, 2020 йилда солиққа тортилмайдиган моддий ёрдам миқдорининг энг кам иш ҳақининг 4,22дан 7,5 баробарга оширилиши, бюджет ташкилоти ходимларини моддий рағбатлантириш учун харажатларнинг айрим турларини қисқартириш билан боғлиқ.

Шу билан бирга, 2020 йилда ижтимоий солиқ ставкасининг микрофирма ва кичик корхоналар учун 12 фоиздан 1 фоизгача пасайтирилиши иш ҳақи фондини ва ишчилар сонини қисман сақлашга имкон берди.

Ижтимоий солиқ ставкасининг пасайтирилиши бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадларининг тахминан 900 миллиард сўмдан зиёд қисқаришига олиб келди. Аксарият юридик шахслар учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоизгача пасайтирилди, фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ажратмалар миқдори 2 дан 0,1 фоизгача камайтирилди.

Бундан ташқари, аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш ва қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш мақсадида 2020 йил июн ойида ўзини ўзи иш билан банд қилганлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати тасдиқланди. 2021 йил 1 январдан бошлаб солиқ органлари тизимида 560 мингдан ортиқ киши рўйхатга олинган.

Манбага кўра, солиқ тўловчилар сони 2020 йил ноябр ойида 2018 йил ноябрга нисбатан 12,2 фоизга ўсган. Бунда 2 – 4 миллион сўм оралиғида иш ҳақи оладиган солиқ тўловчилар сони (ойига ҳисоблаб чиқилганда) 491 минг кишидан 987 минг кишигача (ўсиш 1,78 марта), 4 – 5,5 миллион сўм оралиғида иш ҳақи оладиган солиқ тўловчилар 54 минг кишидан 212 минг кишигача (ўсиш 3,4 марта), 5,5 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақи оладиган солиқ тўловчилар 81 минг кишидан 254 минг кишигача (ўсиш 2,7 марта) ўсди.

Маълумот учун, 2019 йилдан бошлаб барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси 12 фоиз миқдорида жорий этилган.

×