Наманган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширилган ишлар ва 2021 йил режалари бўйича халққа ҳисобот бериб ўтди. Ҳисоботдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида ҳоким журналистлар томонидан берилган бир қатор саволларга жавоб бериб ўтди. Бу ҳақда Xabar.uz мухбири хабар бериб ўтди.
— Наманган шаҳри кенгаймоқда, кўпқаватли уйлар қуриляпти. Аммо муаммо шундаки, кўчалар анча тор ва тирбандликлар юзага келяпти. Йўлларни кенгайтириш режаси борми?
— Дарҳақиқат йўлларимиз торлиги кўриниб қолди, айниқса қурилиш ишлари олиб борилаётган кўчаларда тирбандликлар келиб чиқмоқда. Хусусан, «Ҳамрох» кўчасида уйлар қурилиши бошланган, аммо кўча кенгаймай қолиб кетди. Аҳолимиз шундан норози бўляпти. Вазиятни ўнглаш учун ишлар олиб борилмоқда, бир қатор лойиҳалар бошланган. Шунингдек марказий кўчалардан ташқари ички йўлларни ҳам тузатамиз.
Шаҳардаги 7 та асосий кўчаларда тубдан таъмирлаш ишлари бажарилади. Бу ишларни 2020 йилда амалга оширишни кўзлаган эдик, аммо пандемия туфайли тўхтаб қолди.
— Пандемия яна бир муаммони келтириб чиқарди - кўплаб меҳнат муҳожирлари хорижга кета олмай, қолиб кетди. Уларни иш билан таъминлаш қандай кетмоқда?
— Биз ИИБ билан бирга меҳнат муҳожирларини ўрганиш ишларини олиб бордик. Натижада вилоятдан четга чиқиб меҳнат қилаётган 63 минг фуқаро борлиги аниқланди. Улардан Россияда 33 минг нафари ишласа, яна 19 минги Қозоғистонда меҳнат қиляпти. Бундан ташқари 51 минг нафар фуқаро пандемия туфайли қайтиб келган. Уларнинг 77 фоизини иш билан таъминлашга эришдик. Наманганда банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи мономарказ очилди ва Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда 500 кишилик ўқув курси ташкил этилди. Ўрганишга кўра аксарият муҳожирлар қурилиш соҳасида ишлари қайд этилди. Биз ўқув курсларида юқори малакали уста тайёрлашни йўлга қўйганмиз. Шунингдек тил ҳам ўргатилади. Таъкидлаш жоиз, ҳозир юқори малакали усталарга ўзимизда ҳам иш етарли.
Бизнинг мақсадимиз — шунчаки четга юрганларга телефон қилиб, уйга қайтишга ундаш эмас. Балки иш ўринлари яратиш орқали оиласи бағрида бўлишини таъминлаш. Агар биз реал иш ўрни ташкил эта олсак, ватандошларимиз ортга қайтади. Шу ернинг ўзида оиласини бемалол боқа олишса, ҳеч ким четга кетишни истамайди, Россияда юрмайди. Биз нафақат янги иш ўринлари яратишимиз, балки тарғиб эта олишимиз ҳам керак. Ҳозир иш ўринлари ҳақида турли видеороликлар тайёрланмоқда.
— Наманганда автомобилсозлик заводи қурилиши айтилган эди. Аввалига завод 2019 йилнинг сентябрида очилиши маълум қилинди. Аммо нимагадир ишлар тўхтаб қолди...
— Бу завод бўйича Ўзбекистон томони барча мажбуриятларни бажарган. Жанубий Кореядан келган инвесторлар талабига кўра эркин иқтисодий зона учун ер ажратилди, ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Аммо Жанубий Корея томонидан таъсисчиларнинг ўзгариши, пандемия бошланиб кетгани ва шу орқали уларнинг «фаолият географияси» ўзгаргани иш тўхтаб қолишига олиб келди. Ҳозирда ҳамкорлик бўйича янги шартнома таклиф этилган ва биз уни ҳам имзоладик. Энди эса Жанубий Корея томони имзолашини кутмоқдамиз. Мақсадимиз — лойиҳани тўхтатиб қўймасдан, давом эттириш. Ҳамкоримиз шартномани кўриб чиқиб, имзолаши учун ҳали бир ой вақт бор. Улардан жавоб кутмоқдамиз.
— Наманганнинг иқтисоди асосан ҳунармандчиликка асосланган. Соҳани ривожлантириш учун нималар қилинмоқда?
— Президент биздан халқ орасига кириш ва ўрганишни талаб қилганда вилоятимиздаги кўплаб хонадонларда бўлдик. Ўшанда аксарият хонадонларда ҳунармандчилик ривожланганини кўрдик. Аммо уларнинг иши жуда кичик ҳажмда эди. Биз ҳунармандлардан нима учун корхона очмасликлари ҳақида сўрадик. Эшитган энг биринчи муаммомиз — ер бўлди. Ўша вақтларда халқимиз ерни осонгина ажратиш мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмас эди. Орадан бироз вақт ўтгач «Орзу» массивида 10 гектарлик саноат зонаси ташкил этилди. Бу ташаббус Наманган аҳли учун янгилик бўлди. Биз аҳолига тадбиркорлик учун 15 сотихдан 50 сотихгача ер таклиф қилдик. Биласизми, ўшанда очиқчасига ҳайрон қолганлар бўлди. «Биз иш бошлаш учун ер топа олмас эдик, энди ҳокимиятнинг ўзи бизга ер таклиф қиладими?» деган гапларни ҳам эшитдик. Ҳозир «Орзу» кичик саноат зонасидаги 22 та лойиҳада 2 500 одам ишламоқда. Президентнинг топшириғи шунақа бўлдики — йирик корхоналар ривожи ҳам керак, аммо кичик тадбиркорлик соҳаларини бир жойга жамлаб, етарли шароит яратиб, турли йўналишларда ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг ҳам аҳамияти катта. Биз бу топшириқни бажаришга ҳаракат қиляпмиз.
— «Навбаҳор» футбол клубининг вилоят аҳолиси учун қадри жуда баланд. Сиз клубни юритиш бўйича стратегияни ўзгартирамиз, деган эдингиз. Бу стратегия қанақа йўналишда бўлади, маълумот бера оласизми?
—Мақсадимиз — маҳаллий ёшларга эътибор бериш. Яхши биласиз, жамоамиз ушбу мавсумда тўққизта ютуқсиз серияга барҳам бериб, охирги учта ўйинда кетма-кет ғалабага эришди. Қолаверса кубокдаги 1/4 ўйини ҳам финалга ҳос кечди. Ҳозирда футболимиз фахри Одил Аҳмедов билан бу борада ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Жамоа бошқарувига қайси мураббий келмасин, ёшларга эътибор қаратилади. Ҳозир бош мураббийликка номзодлар билан музокара кетмоқда. Яқинда натижаси эълон қилинади. «Навбаҳор» клуби мухлислар сони ва қўллаб қувватлаши бўйича юртимизнинг етакчи клубларидан. Биздан Одил Аҳмедов, Азиз Турғунбоев, Аббос Ғуломов ва Остон Ўруновлар етишиб чиққан. Биз улар билан фахрланамиз.
Manba: Xabar.uz
Тасодифий хабарлар
Президент Андижон вилоятига икки кунлик сафарини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди
Муфтий ҳазратлари бошчилигидаги уламоларнинг навбатдаги ташриф манзили – НАМАНГАН
Ўзбекистонда 7 мингдан ортиқ янги боғча ташкил этилиб, боғча ходимларини ойлик маошлари оширилади
Наманганда поезд 82 ёшли фуқарони уриб кетди
Rossiya va O'zbekistonning ikkinchi yoshlar festivali Moskvada kuzda o'tkaziladi.