Жаҳон банки Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 800 млн долларлик молиялаштириш пакетини маъқуллади. Банкнинг матбуот хизмати хабар беришича, маблағ янги иш ўринлари яратишга, хусусий секторни ривожлантиришга ва иқтисодиётнинг экологик барқарорлигини оширишга сарфланади.
2029–2031 йилларда режалаштирилган чора-тадбирлар 275 мингта қўшимча ва сифатли иш ўрнини яратиши кутилмоқда. Ислоҳотлар мамлакатнинг барча ҳудудларида хотин-қизлар, фермерлар ва тадбиркорлар учун иқтисодий имкониятларни кенгайтиради.
Ижтимоий ҳимоя ва давлат корхоналари
Банк кўмагида ижтимоий суғурта қамрови кенгаяди. Бу ҳомиладорлик ва туғиш, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақаларга ҳам тегишли. Хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар ва оилаларга хизмат сифати яхшиланади.
Давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва адолатли рақобат муҳитини мустаҳкамлаш ишлари давом этади. Бу хусусий бизнесга, инвестиция жалб қилишга ва инновацияларни жорий этишга йўл очади.
Савдо тартиб-таомиллари модернизация қилиниб, рақамлаштирилади. Ташқи савдо учун “ягона дарча” тизими мустаҳкамланади, чегарадаги расмийлаштириш соддалашади. Бу корхоналарга халқаро савдони арзонроқ қилиш имконини беради ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига ҳам хизмат қилади.
Рақамли соҳа, энергетика ва қишлоқ хўжалиги
Маълумотларни хавфсиз трансчегаравий узатиш қоидалари такомиллаштирилади. Корхоналар рақамли технологиялар, булутли хизматлар ва халқаро платформалардан фаолроқ фойдалана олади. 2028 йилгача яна 500 минг фойдаланувчини, жумладан, 250 минг хотин-қизни кенг полосали интернет билан таъминлаш кўзда тутилган.
Энергетикада электр ва табиий газ бозорларини тартибга солувчи қоидалар ҳамда институтлар такомиллаштирилади. Электр ишлаб чиқариш ва тақсимлашга хусусий инвестиция учун имкониятлар кенгаяди. 2028 йилгача истеъмолчиларнинг 15 фоизига хусусий операторлар бошқарадиган тармоқлар орқали хизмат кўрсатиш режалаштирилган.
Фермер ва чорвадорларни қурғоқчилик, сув тошқини ва бошқа хатарлардан ҳимоя қилиш учун суғурта хизматлари кенгайтирилади. 2028 йилга бориб уларнинг 35 фоизини суғурта билан қамраб олиш мўлжалланган. Шунингдек, биноларнинг энергия самарадорлиги стандартлари яхшиланади. 2028 йилгача бу соҳага 10 млн доллар хусусий инвестиция жалб қилиш ва тақсимланган қайта тикланувчи энергия қувватини 3 000 МВтга етказиш мақсад қилинган.
Аввалроқ Жаҳон банки Самарқанд вилоятида бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ривожлантириш учун 100 млн долларлик имтиёзли кредит ажратишни ҳам маъқуллаган эди. матн>









