Маск жамоасининг собиқ мутахассислари келажакни башорат қилувчи СИ яратмоқда

Маск жамоасининг собиқ мутахассислари келажакни башорат қилувчи СИ яратмоқда

Илон Маскнинг xAI компаниясида ишлаган уч мутахассис янги стартап очди. Epochal деб номланган корхона сунъий интеллект (СИ) ёрдамида келажакдаги воқеаларни башорат қилишга ихтисослашади. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

Стартапга Гуодонг Чжан, Чжан Даи ва Мануэл Креусс асос солган. Улар 2026 йил февралида xAI компанияси SpaceX билан бирлашганидан кейин Маск жамоасидан кетган. Ҳозир лойиҳага xAI, OpenAI, Anthropic ва Гугл компанияларининг собиқ ходимлари ҳам қўшилмоқда.

«Вақт портали» қандай ишлайди

Epochal сунъий интеллектга интернетнинг ўтмишдаги архив нусхаларини очиб берувчи махсус тизим ишлаб чиққан. Компания бу технологияни «вақт портали» деб атамоқда. Тизим эски маълумотлар асосида СИ ни ўқитади ва уни келажакда бўлиши мумкин бўлган воқеаларни олдindan айтишга ўргатади.

Асосчилар ҳар қандай қарор келажакни тахмин қилишга таянишини таъкидлайди. Уларнинг фикрича, СИ келажакни инсондан аниқроқ башорат қила олса, деярли барча соҳа ўзгаради. Шу сабабли жамоа турли йўналишларда тўғри қарор чиқаришга ёрдам берадиган тизим яратишни мақсад қилган.

Сармоя ва кейинги режалар

Манбаларнинг айтишича, асосчилардан бири Гуодонг Чжан лойиҳага ўз маблағидан 100 млн доллар сармоя киритмоқчи. Бу стартап учун жиддий бошланғич пул бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Илон Маск СИ ни ривожлантириш учун серверлар ва ҳисоблаш марказларини Ер атрофидаги орбитага чиқаришни таклиф қилган эди. Энди унинг собиқ ҳамкасблари сунъий интеллектнинг бошқа йўналишига — башорат қилишга эътибор қаратмоқда.

Epochal тизими амалда қанчалик аниқ натижа бериши ҳозирча маълум эмас. Лойиҳа қайси соҳалардан бошлаши ҳам айтилмаган.

Теглар:
×