Дунёдаги энг йирик пароллар менежери – 1Пассворд хакерлик ҳужумига учради. Бу ҳақда платформани ишлаб чиқарган компания маълум қилди. Бузиб кириш ҳолати жорий йилнинг 19 ноябрь куни аниқланган.
Ҳужум қандай содир бўлган
Хакерлар ходимлардан бирининг ГитХабдаги корпоратив аккаунтига кириш ҳуқуқини қўлга киритган. Шу аккаунт орқали ички хизматларга зарарли код жойлаштирилган. Оқибатда жиноятчилар фойдаланувчилар ҳисоб қайдномаларига оид маълумотларнинг бир қисмидан хабардор бўлган.
Хусусан, тизимга кириш учун зарур бўлган исмлар ва электрон почта манзиллари уларнинг қўлига тушган. Компания пароллар сақланадиган асосий омбор бузилмаганини алоҳида таъкидлади. Ҳодиса нечта фойдаланувчига таъсир қилгани эса айтилмади.
Компания қандай чоралар кўрди
Бузилган ГитХаб аккаунти блокланди. Бундан ташқари, таклифнома хатлари ва киришни тиклаш хатларида ишлатиладиган кодлар узунлиги олтитадан ўнта белгигача оширилди.
Фойдаланувчиларга 1Пассворд номидан юбориладиган фишинг ҳужумларидан эҳтиёт бўлиш тавсия этилди. Фишинг – сохта электрон хат ёки СМС орқали шахсий маълумотни қўлга киритишга уриниш. Компания платформа мижозларга парол ёки махфий калит сўраб ҳеч қачон мурожаат қилмаслигини ҳам эслатди.
Шу воқеа муносабати билан ҳеч қандай янгиланиш режалаштирилмаган. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Федерал қидирув бюроси мамлакатдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фойдаланадиган жиноятчиликка оид маълумотлар базасига хакерлар кирган бўлиши мумкинлигини текширётгани хабар қилинган эди.









