Жиззах вилоятининг Зомин туманида вояга етмаган қизига нисбатан жинсий зўравонлик қилишда гумонланган эркак қидирувга берилди. У жиноят иши очилишидан бир ой олдин ишлаш учун Россияга кетиб қолган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Qalampir.uz'га маълум қилди.
Унинг айтишича, 1984 йилда туғилган эркакка нисбатан 14 октябрь куни Жиноят кодексининг 119-моддаси билан иш қўзғатилган. Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчи 11 сентябрь куни Россия Федерациясига жўнаб кетган.
Сиртдан қамоққа олинди
Эркак қидирувга берилган. 19 октябрь куни суд ажрими билан унга нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Ҳолат қандай аниқланган
Шу муносабат билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳам изоҳ берди. Агентлик ма'лум қилишича, 9 октябрь куни ички ишлар ходимлари таълим муассасаларида профилактик тадбир ўтказган. Шунда 2010 йилда туғилган қиз сабабсиз дарсларга қатнашмаётгани аниқланган.
Ҳолат мактаб психологи билан бирга ўрганилганда, қизнинг руҳий ҳолати барқарор эмаслиги маълум бўлган. Суҳбатда у отаси жинсий зўравонлик қилганини айтган. Бу ҳақда туман ИИБга хабар берилган, ҳолат прокуратура органларига юборилган.
Қиз ҳимояга олинди
“Инсон” ижтимоий хизматлар маркази қизни дастлаб кичик ҳажмли ижтимоий кўмак марказига жойлаштирган. Унга психологик ва ижтимоий хизмат кўрсатилган, тиббий кўрик ҳамда экспертизадан ўтказилган. Ҳозир қиз оилавий болалар уйида. Унинг хавфсизлиги таъминланган, руҳий-эмоционал ҳолатида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.
Агентлик боланинг оилавий шароити ҳам ўрганилаётганини билдирди. Қизни оилага қайтариш масаласи унинг хавфсизлиги, руҳий ҳолати ва энг устун манфаатлари ҳар томонлама баҳолангандан сўнг кўриб чиқилади. Ҳолат агентлик масъул ходимлари назоратида.
Аввалроқ Тошкентда икки нафар вояга етмаган қизини зўрлаганликда гумонланган эркак қамоққа олингани хабар қилинган эди.









