Мирзиёев Иорданияга борди: Амман Тошкент учун нега муҳим

Мирзиёев Иорданияга борди: Амман Тошкент учун нега муҳим

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иорданияга илк бор ташриф буюрди. Бундан бир ҳафта олдин, 16–17 ноябрь кунлари у Уммон султонлигида бўлган эди. Амманга яқинлашганда президент самолётини Иордания ҳарбий-ҳаво кучларининг қирувчи самолётлари кузатиб борди. Аэропортда меҳмонни қирол Абдулла II ва малика Рания шахсан ўзлари кутиб олди.

Суҳбат чоғида Мирзиёев бу мамлакатга биринчи марта келаётганини айтиб, уни «пайғамбарлар юрти» деб атади. У сафар давомида набираси Шавкатбекка ёзган мактуби ҳақида ҳам гапириб ўтди. Фахрий қоровул саф тортиб, мадҳиялар янграгач, расмий музокаралар бошланди. Икки раҳбар илгари ҳам учрашган: ўтган йили августнинг охирида Абдулла II давлат ташрифи билан Самарқандга келганди.

Денгизга йўл ва сув тажрибаси

Ўзбекистон денгизга чиқиш учун икки давлат чегарасини кесиб ўтиши керак бўлган кам сонли мамлакатлардан. Иордания Уммон каби стратегик дарвоза эмас, лекин унинг Қизил денгиздаги Ақаба порти бор. Мамлакат экспортининг қарийб 78 фоизи ва импортининг 65 фоизи айнан шу порт орқали ўтади. Иордания билан савдо ва логистика алоқалари ривожланса, Ўзбекистон учун Яқин Шарқ бозорларига йўл очилиши мумкин.

Иорданиянинг сув хўжалигидаги тажрибаси ҳам эътиборга молик. Жаҳон банки маълумотларига кўра, у дунёда сув энг танқис мамлакатлардан бири. Шу сабабли Амман сувдан тежамли фойдаланиш, оқова сувларни қайта ишлаш ва қишлоқ хўжалигида қўллашга катта аҳамият беради. Ўзбекистон ҳам сув танқислиги билан юзма-юз турганини ҳисобга олсак, бундай тажриба амалий фойда беради.

Яқин Шарқдаги сиёсий мавқе

Иордания нефтга бой эмас, аммо минтақадаги сиёсий таъсири анча кучли. У Исроил, Фаластин, Сурия, Ироқ ва Саудия Арабистони билан чегарадош. 1994 йилда Исроил билан тинчлик шартномаси имзолаган, Фаластин масаласида эса араб дунёсининг таъсирли овозларидан бири. АҚШ Конгресси тадқиқот хизмати Иорданияни Вашингтоннинг Яқин Шарқдаги муҳим ҳамкорларидан бири деб баҳолайди.

Фаластин-Исроил можаросига ёндашувда Тошкент ва Амман позицияси яқин. Иккиси ҳам «икки халқ учун икки давлат» тамойилини қўллайди. Улар 1967 йилги чегаралар доирасида пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлати тузилишини тарафдор. Ғазо масаласида ҳам икки томон ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, гуманитар ёрдам етказиш ва барқарорликни тиклаш тарафдори. Ташқи ишлар вазирлари бу масалаларни музокараларда кўтарган, қўшма баёнотларда ҳам акс эттирган.

Мамлакатлар БМТ ва Ислом ҳамкорлик ташкилотида ҳам бирга ишламоқда. 2026 йил июлида ташқи ишлар идоралари раҳбарлари минтақавий ва халқаро масалалар бўйича келишилган ҳаракатни давом эттиришга тайёр эканини тасдиқлаган. Яна бир муҳим йўналиш — қирол Абдулла II нинг терроризм ва экстремизмга қарши «Ақаба жараёни» ташаббуси.

Кўп векторли сиёсат юритаётган Тошкент учун Яқин Шарқда ишончли шерик орттириш, мусулмон давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш муҳим. Мирзиёевнинг Амман ташрифи шу йўлдаги навбатдаги қадам бўлди.

Теглар:
×