Илон Маскка тегишли SpaceX (СпейсЭкс) компанияси орбитада маълумотлар марказлари яратиш учун миллионтагача сунъий йўлдош жойлаштиришга рухсат олди. Ҳозир Ер атрофида 17 мингга яқин сунъий йўлдош айланмоқда. Бу ҳақда Рейтерс агентлиги хабар берди.
Агентлик маълумотига кўра, АҚШ Федерал алоқа комиссияси компаниянинг “Старминд” номли сунъий йўлдошлар тизимини яратиш ҳақидаги аризасини маъқуллади.
Лойиҳа нимага мўлжалланган
СпейсЭкс жорий йил бошида миллионтагача орбитал ҳисоблаш модулини жойлаштиришга рухсат сўраган эди. Бу модуллар Ердаги эҳтиёжлар учун катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаши керак. Компания лойиҳа сунъий интеллектга ортиб бораётган ҳисоблаш қувватлари талабини қондиришга ёрдам беришини айтган.
Маск жамоаси режанинг афзаллигини қуёш энергиясидан деярли узлуксиз фойдаланиш мумкинлигида кўрмоқда. Компания фикрича, бундай йўлдошларни ишлатиш ва уларга хизмат кўрсатиш арзонга тушади. Шунингдек, Ердаги маълумотлар марказларига тушадиган экологик юк камаяди.
Рухсат шартлари қандай
Комиссия муддатларни қатъий белгилаган. СпейсЭкс йўлдошларни учиришни 2033 йил ноябригача бошлаши керак. 2035 йил ноябригача орбитада камида 100 мингтаси бўлиши лозим. 2038 йил ноябригача эса умумий соннинг ярми жойлаштирилиши шарт.
Компания ҳақиқатан миллионта йўлдош учирадими, ҳозирча номаълум. Лойиҳа Старшип ракетасини ишлатиш харажатларининг камайишига ҳам боғлиқ. Бу ракетани СпейсЭкс ҳозир ишлаб чиқмоқда.
Режани рақобатчилар танқид қилмоқда. Амазоннинг Лео сунъий йўлдошлар бўлинмаси ва бошқа компаниялар миллионта йўлдошни чиқариш жуда узоқ вақт олиши мумкинлигини айтган. Комиссия раиси Брендан Карр март ойида бу эътирозларга жавоб берган. Унинг сўзларича, Амазон ўз ракета парвозлари ва йўлдошлар тизимини ривожлантиришга эътибор қаратгани маъқул.
Бундан аввал СпейсЭкс АҚШнинг Луизиана штатида қиймати 100 миллиард доллар бўлган янги космодром қуришни режалаштираётгани маълум қилинган эди.









