Қиморни реклама қилган ўзбекистонлик блогер халқаро қидирувга берилди

Қиморни реклама қилган ўзбекистонлик блогер халқаро қидирувга берилди

“Маха.dxb” тахаллуси билан Қозоғистон ҳудудида фаолият юритган ўзбекистонлик блогер Маҳмуд Ҳикматов ноқонуний интернет-казиноларни тарғиб қилишда айдланиб, халқаро қидирувга берилди. Бу ҳақда Қозоғистон Молиявий мониторинг агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Қозоғистон суди томонидан 2000 йилда Ўзбекистонда туғилган Маҳмуд Ҳикматовга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.

Қайд этилишича, мамлакат ҳудудида 5 дан ортиқ ноқонуний онлайн қиморхоналар фаолиятини таъминлаш, пул маблағларини қабул қилиш ва тўлаш, шунингдек, Қозоғистон фуқароларини қимор ўйинларига жалб қилиш учун рекламалар тарқатилган.

Манбага кўра, мазкур тотализатор ўйинларини тарғиб қилиш учун ташкилотчилар блогерни жалб қилган. Унга Қозоғистон ҳудудида фаолият юритувчи инфлюенсерларни топиш ва улар орқали реклама контенти жойлаштирилишини ташкил этиш вазифаси юклатилган.

Агентлик маълумотига кўра, Ҳикматов жами 35 нафардан ортиқ блогерни ҳамкорликка тортган. Улар орасида блогер Ҳамза Қ. ҳам бўлган. Kенг аудиторияга эга бўлган бу блогер Қозоғистон фуқароларини тақиқланган қимор фаолиятига жалб қилиш мақсадида интернет-казиноларга реферал ҳаволалар жойлаштирган ва ҳар бир фойдаланувчи ўтиши учун мукофот олган.

Маълумот учун, Ҳамза Қ. жорий йилнинг 6 август куни Вьетнамдан Қозоғистонга экстрадиция қилинган.


Теглар:
×