Наманганда вояга етмаган қизни зўрлаганликда гумонланган шахс қидирувга берилди

Наманганда вояга етмаган қизни зўрлаганликда гумонланган шахс қидирувга берилди

Ички ишлар вазирлиги Наманган шаҳрида вояга етмаган қизни зўрлашда гумонланаётган шахсга қидирув эълон қилди.

Қайд этилишича, Наманган шаҳри Ўзбекистон кўчасидаги хонадонда яшовчи, 1989 йилда туғилган Шерзод Умаров 1 апрель куни соат 23:30 ларда Наманган шаҳрининг “Бобур боғи”дан вояга етмаган қизни такси сифатида уйига олиб бориб қўйишини айтиб, уни номаълум манзилдаги хонадонга олиб бориб, зўрлик ишлатиб, номусига теккан.

Шерзод Умаровнинг жиноятга оид ҳаракатлари “Бобур боғи” ва атроф кўчалардаги кузатув камераларида акс этган. Шунингдек, ҳозирда жабрланувчининг кийимлари, баданидаги тан жароҳатлари ва зўрлик аломатлари юзасидан тегишли судга оид тиббий экспертизалар тайинланган.


Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят содир этишда гумонланган Шерзод Умаровни қўлга олиш махсус тадбири жараёнида оила аъзолари томонидан ходимларга фаол қаршилик кўрсатилиши оқибатида гумонланувчи яширинишга муваффақ бўлган.

Шунингдек, Шерзод Умаров 27 март куни соат 12:30 ларда Наманган шаҳар Ёшлар мажмуаси ёнидаги чорраҳада велосипедда ҳаракатланиб кетаётган вақтида, “ВАЗ-2106” русумли автомашинасида кетаётган икки нафар ёш йигитлар йўлини тўсганлигини баҳона қилиб, уларни уриб, дўппослаб, воқеа жойидан яширинган. Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра фуқароларга “ўртача оғир тан жароҳати” ва “енгил тан жароҳати” етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳам гумонланувчи Умаровга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот учун, гумонланувчи 1989 йилда Наманган шаҳрида туғилган, ҳозирда Наманган шаҳри Ўзбекистон кўчаси 1-ўтиш йўли 22 уйда яшайди. У “эпилепсия касаллиги билан боғлиқ шахсиятнинг чуқур бузилиши, бирламчи генерализациялашган талваса хуружлари” ташхиси билан Наманган вилоят руҳий-асаб касалликлари шифохонаси 3-мажбурий даволаш бўлимида назоратда туради.

Муқаддам фирибгарлик, товламачилик, безорилик, қасддан баданга оғир шикаст етказиш ҳамда номусга тегиш каби жиноятларни содир этгани учун бир неча бор судланган.

Ички ишлар вазирлиги суратдаги фуқаро руҳий хасталиги ҳамда ниҳоятда тажовузкор эканини инобатга олиб, уни учратган шахслардан эҳтиёт бўлишлари ҳамда дарҳол 102 қисқа рақамига ёки яқин атрофдаги ҳуқуқ тартибот органи ходимларига хабар беришларини сўрайди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида 31 январь куни зўрлик ва қотиллик аломатлари билан 12 ёшли қизнинг мурдаси топилганди. Мазкур ҳолат юзасидан Янгиҳаёт туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в, з” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши бўйича гумонланувчи шахс (29 ёшли эркак) Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.


Manba: Daryo.Uz

×