Октябрь ойида ўзбекистонликларни қандай об-ҳаво кутмоқда?

Октябрь ойида ўзбекистонликларни қандай об-ҳаво кутмоқда?

Жорий йилнинг октябрь ойи беқарор об-ҳаво билан бошланади. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.

Маълум қилинишича, эртага, 1 октябрь куни республиканинг марказий ва шарқий вилоятларида сентябрнинг сўнгги кунларида бошланиши кутилаётган нам ва нисбатан салқин ҳаво оқимининг кириб келиши давом этади. Шу куни ушбу вилоятларнинг айрим жойларида ёмғир ёғади, энг жадал ёғингарчилик тоғолди ва тоғли ҳудудларда кузатилади. Баланд тоғли ҳудудларда ёмғир қорга айланиши мумкин.

Жорий йилнинг 2-4 октябрь кунлари республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, ҳаво ҳарорати кўтарила бошлайди. 4 октябрь куни республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларига совуқ ва нам ҳавонинг янги оқими кириб кела бошлайди, 5-7 октябрь кунлари эса у аста-секин Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалади.


Ҳароратнинг бундай ўзгариб туриши октябрь ойининг охиригача давом этади. Тунги ҳаво ҳарорати 10-13 даража илиққача, кундузги ҳаво ҳарорати 25-28 даражагача кўтариладиган илиқ об-ҳаво фонида вақти-вақти билан салқинлашиш даврлари кузатилиши кутилмоқда.

Совуқ ҳаво оқимлари кириб келган даврларда ҳаво ҳарорати кечаси 3-8 даража, кундузи 15-20 даражагача пасайиши мумкин. Республиканинг шимолий ҳудудларида салқинлашиш сезиларли бўлиб, ҳаво ҳарорати кечаси 0-2 даража совуққача, кундузи 10-15 даражагача пасаяди.

Шунингдек, октябрь ойининг ўртача ҳарорат фони иқлимий меъёр атрофида, айрим жойларда эса ундан юқори бўлиши кутилмоқда.


Теглар:
×