Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро футболчиларга мамлакат тарихидаги илк Жаҳон чемпионати олдидан юзага келаётган босимни енгишда ёрдам бермоқда. Бу ҳақда терма жамоа ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев “Sport-Express” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
“Албатта, у ўз тажрибасини биз билан бўлишади. Энг муҳими, у босимни ўз зиммасига олади. Каннаваро бизга бу кунлардан завқланишимиз кераклигини таъкидлайди, чунки биз тарихдаги илк Жаҳон чемпионатимизда иштирок этяпмиз. У шунчаки ўз ўйинимизни кўрсатишимиз кераклигини айтади, чунки йўқотадиган нарсамиз йўқ. Балки айнан шу ҳолат бизга қўшимча устунлик берар. Асосий мотивациямиз эса халқимизнинг жамоа билан фахрланишидир”, дейди Файзуллаев.
Файзуллаев гуруҳдаги рақиблар ҳақида гапирар экан Португалия ва Колумбия билан биргаликда Конго Демократик Республикаси ҳам кучли жамоа эканлигига тўхталган.
“Қайсидир маънода Колумбия ва Португалия каби жамоаларга қарши ўйнаш ҳам яхши. Аммо Конго Демократик Республикаси улардан кучсиз деб айта олмайман. Африка жамоалари жисмонан жуда бақувват ва ҳар қандай рақибга муаммо туғдира олади. Менимча, барча учрашувлар қийин кечади. Нафақат биз учун, балки улар учун ҳам. Чунки улар ҳам бизни яхши билишмайди ва биз уларга сюрприз тайёрлашимиз мумкин”, дейди у.
Файзуллаев Нидерландия билан ўртоқлик учрашуви терам жамоа аъзолари учун ўзига бўлган ишончни оширишга ёрдам берганини айтиб ўтган.
“Нидерландияга қарши ўйинда ўзимизни синаб кўрдик ва жуда юқори даражадаги футболчиларга қарши ҳам муносиб ўйнай олишимизни ҳис қилдик. Френки де Йонг, Виржил ван Дейк каби футболчиларга қарши майдонга тушдик. Бу учрашувдан кейин ишончимиз янада ортди. Энди курашга тайёр эканимизни ва рақибларни ҳайратда қолдира олишимизни ҳис қиляпмиз”, дейди футболчи.
У Жаҳон чемпионати олдидан кўрилган тайёргарлик жуда қийин бўлганига ҳам тўхталиб ўтган.
“Агар барча футболчиларимиздан сўрасангиз, улар ҳам бу энг оғир йиғин бўлганини айтишади. Масалан, 25 май куни АҚШга учишимиздан олдинги машғулот икки ярим соат давом этди. Бир машғулотда тўққиз километр югурдик. Бу жуда катта юклама. Клубда мавсум давомида бир машғулотда одатда уч ярим-тўрт километр югурардик. Бу сафар эса бундан икки баравар кўпроқ югурдик”, дейди Файзуллаев.
Шунингдек, Файзуллаев Жаҳон чемпионатида Криштиану Роналдуга қарши ўйнашни интиқлик билан кутаётганини ҳам яширмаган.
“Албатта, жуда ҳам кутяпман. Болалигимда унинг ўйинларини телевизор орқали томоша қилардим ва шундай учрашувни орзу қилардим. Мен Месси мухлисиман, лекин Криштиану ҳам менга жуда ёқади. Унга қарши ўйнаш – катта орзу”, дейди у.
Ўзбекистон терма жамоаси турнирдаги биринчи учрашувини жорий йилнинг 18 июнь куни Колумбияга қарши ўтказади. Кейинги баҳсларда эса Фабио Каннаваро шогирдлари Португалия (23 июнь) ва Конго Демократик Республикасига (28 июнь) қарши майдонга тушади.
Тасодифий хабарлар
“Толибон” бўйсунмас Панжшерга кира олмади
Дунёдаги энг самарадор бошқарувчилар рейтинги эълон қилинди
Наманганда “Дрон” олди-сотдиси амалга ошмай қолди
Moskvada Ingushetiya ekstremizmga qarshi kurash markazi boshlig‘i va uning ukasi o‘ldirildi (video)
Заковатчиларнинг ошиғи олчи. Президент янги қарор имзолади