Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўт очишни тўхтатишга келишиб олди — Байден

Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўт очишни тўхтатишга келишиб олди — Байден

Ливан ва Исроил ҳукуматлари АҚШнинг «ҳалокатли можаро»га барҳам бериш таклифига рози бўлди. Бу ҳақда 26 ноябрь куни президент Жо Байден маълум қилди.

«Келишув 27 ноябр куни эрталаб соат 4:00 да кучга кирди ва Ливан қуролли кучлари кейинги 60 кун ичида Ливан жанубини ўз назоратига олади. Бу вақт ичида Исроил ўзининг қўшинларини босқичма-босқич олиб чиқиб кетади», — деди Байден телемурожаатида.

АҚШ, Франция ва бошқа иттифоқчилар ушбу келишувнинг тўлиқ бажарилишини таъминлашга кўмаклашишга ваъда беришган.

Байденнинг қўшимча қилишича, Ливан жанубида Америка қўшинлари бўлмайди: «Биз Франция ва бошқа давлатлар билан биргаликда ушбу келишувнинг тўлиқ ва самарали бажарилишини таъминлаш учун зарур ёрдамни кўрсатамиз».

Исроилнинг 25 ноябрь куни Ливанга қилган ҳужумларида камида 55 киши ҳалок бўлди. Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги сешанба куни маълум қилишича, 2023 йил октябр ойидан бери ҳалок бўлганлар сони 3,823 кишига етган. Охирги 24 соат ичида яна 160 киши жароҳат олди, ярадорлар сони эса 15 859 нафарга етди.

«Бу Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги сўнгги ўн йилликлардаги энг қонли тўқнашувдир. Ташкилотнинг қанчадан-қанча юқори мартабали етакчилари, жумладан унинг узоқ йиллик раҳбари Насруллоҳ ҳалок бўлди», дея қайд этган АҚШ президенти.

«Ҳизбуллоҳ» Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи Исроилга ҳужум уюштирганидан кўп ўтмай, Исроилга баллистик ракета ва учувчисиз самолётлар билан ҳужумлар уюштирди. Ливан гуруҳи етакчиларининг айтишича, уларнинг ҳужумлари ҲАМАСга бирдамлик кўрсатиш ва қамал остидаги Ғазога ўт очишни тўхтатиш учун Исроилга босим ўтказиш бўлган.

Бунга жавобан Исроил «Ҳизбуллоҳ»га тегишли деб айтилган нишонларга йирик ҳаво ҳужумларини уюштирди. Октябр ойида ҳужумни кенгайтириб, Ливанга қуруқликдан бостириб киришни бошлади.

Байденнинг таъкидлашича, «яқин кунларда» АҚШ Туркия, Миср, Қатар ва бошқалар билан биргаликда Ғазода Исроил ҳужумини ва ўт очишни тўхтатиш йўлида «яна бир қадам ташлайди».


×