Санкцияга учраган россиялик олигарх фаррошга тўлашга пули қолмаганини айтди

Санкцияга учраган россиялик олигарх фаррошга тўлашга пули қолмаганини айтди

Буюк Британия ва Европа Иттифоқи санкциялари остида қолган россиялик миллиардер Михаил Фридман ўзини Лондонда асир деб атади. Миллиардерга кўра, унда ҳатто фаррош аёлнинг хизматлари учун ҳам пул йўқ. Бу ҳақда “Bloomberg Businessweek” ёзмоқда. 

Санкциялар остида қолган Фридман “Альфа-банк”, X5 Group ва Veon компаниялари директорлар кенгашларидан истеъфога чиққан. Лондонда яшовчи Фридман билан суҳбатлашган нашрнинг ёзишича, у Исроил паспортига эга. 

Аммо у Исроилга кўчиб ўтиш учун у ерда уйи йўқлигини ва уй сотиб олишга пули йўқлигини айтган. 

“Мен бу ерда маҳбусман”, дея унинг сўзларини келтиради нашр. 

Таъкидланишича, Европа Иттифоқи ва Буюк Британиянинг чора-тадбирлари миллиардернинг ҳисоблари музлатилишига олиб келди ва энди у ҳатто кичик харажатларга, масалан, тозалаш учун ҳам қандай тўлов қилиш ҳақида ўйламоқда. 

“Балки уйни ўзим тозалашим керак. Бу нормал ҳолат. Талабалик пайтимда тўрт киши билан кичик ётоқхонада яшардим. Аммо 35 йилдан кейин бу кутилмаган ҳол”, деган Фридман интервьюсида. 

Қайд этилишича, ҳисоблар блокланганидан кейин Фридман Британия ҳукуматидан пул сарфлаш учун рухсат олиши керак бўлади, бу унинг сўрови асослилигини аниқлаши керак. Фридманнинг харажатлари ойига тахминан 2,5 минг евро билан чекланиши мумкин. 

Санкциялар жорий этилгунга қадар Фридманнинг бойлиги тахминан 14 миллиард долларни ташкил қилган. Ҳозир унинг қоғоздаги бойлиги ўн миллиард долларга яқин. 

Фридманга кўра, унинг Лондондаги уйи, Москвадаги уйи ва Латвиядаги ота-онасининг квартирасидан бошқа кўчмас мулки йўқ, шунингдек, “мусодара қилиниши мумкин бўлган яхта ёки самолёти йўқ”.

×