Ўзбекистон Президенти 24 июнь куни «2021/2022-ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги қарорни имзолади, деб хабар беради ЎзА.
Ҳужжатга кўра, 2021/2022-ўқув йили қабулидан бошлаб давлат гранти асосида кадрларни тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотлари учун ҳам шакллантирилади.
2021/2022-ўқув йили учун давлат буюртмаси параметрлари:
а) бакалаврлар тайёрлаш бўйича:
- кундузги таълим шаклига — 113 530 нафар (ўтган йили — 103 575);
- сиртқи таълим шаклига — 37 675 нафар (31 350);
- кечки таълим шаклига — 6 550 нафар (5 025);
б) магистрлар тайёрлаш бўйича — 12 900 нафар (10 425);
в) филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида кадрлар тайёрлаш бўйича — 500 нафар этиб тасдиқланди.
Филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида кадрларни тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси вазирлик, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб шакллантирилади.
Филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган ва ўқишни тамомлагандан сўнг кадрлар буюртмачиси тизимида 5 йилдан кам бўлмаган муддат давомида ишлаб бериш истагини билдирган абитуриентлар билан уч томонлама (кадрлар буюртмачиси—талаба—олий таълим ташкилоти) шартнома тузилади.
Филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган абитуриентлар кадрлар буюртмачиси билан шартнома имзолаш истагини билдирмаган тақдирда, шартнома тузиш ҳуқуқи кириш имтиҳонларида тўплаган баллар кетма-кетлигига мос равишда кейинги ўриндаги абитуриентга берилади.
Давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилинган талабаларнинг ўқитиш харажатлари кадрлар буюртмачилари томонидан Давлат бюджети параметрларида мазкур мақсадлар учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан қопланади.
Абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш 2021 йилнинг 22 июнидан 22 июлига қадар (22 июль куни ҳам) бўлган муддатда Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали амалга оширилади.
Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча 2 000 та давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилади.
Самарқанд вилояти Ургут туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда таълим тизимида кадрлар қўнимсизлигини камайтириш мақсадида бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида педагогика йўналишлари бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан мазкур туман учун қўшимча 100 та давлат гранти асосидаги мақсадли қабул кўрсаткичлари ажратилади.
Абитуриентларга тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ҳамда фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлган бештагача бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади.
Абитуриентларга рўйхатдан ўтиш жараёнида танланган бакалавриат таълим йўналишлари устуворлигига қараб дастлаб давлат гранти, кейинчалик тўлов-контракт асосида танловда иштирок этиш бўйича қўшимча имконият берилади.
2021/2022-ўқув йили қабулида:
- давлат олий таълим муассасаларининг магистратура (клиник ординатура) мутахассисликларига ўқишга қабул қилиш икки босқичда амалга оширилади. Бунда, биринчи босқичда давлат олий таълим муассасаси томонидан танланган мутахассисликка мос фанлар бўйича кириш имтиҳонлари, иккинчи босқичда Давлат тест маркази томонидан чет тили бўйича тест синовлари ўтказилади;
- магистратура (клиник ординатура)га ўқишга қабул қилишда чет тили бўйича тегишли даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга абитуриентлар иккинчи босқичда чет тилидан тест синовини топширишдан озод қилинади ва уларга мазкур фан бўйича максимал балл берилади;
- магистратура (клиник ординатура) мутахассислигига мос фанлар бўйича имтиҳонлар натижалари имтиҳон ўтказилганидан кейин уч кун муддатда давлат олий таълим муассасаси томонидан идоралараро электрон ахборот алмашинув тизими орқали Давлат тест марказига тақдим этилади ҳамда мазкур муассасанинг расмий веб-сайтида эълон қилинади;
- абитуриентнинг чет тили бўйича тест синовидан тўплаган баллари тўғрисида маълумот тест синовлари ўтказилган куннинг эртасига ҳамда магистратура (клиник ординатура) қабули бўйича танлов натижалари тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг бир ҳафта муддатда Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Шунингдек, 2021/2022-ўқув йили қабулидан бошлаб:
- абитуриентдан алоҳида иқтидор талаб этиладиган бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилишда касбий (ижодий) имтиҳонлардан сўнг мажбурий учта — она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича Давлат тест маркази томонидан тест синовлари ўтказилади;
- қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ олий таълим муассасаларига имтиҳонларсиз давлат гранти асосида ўқишга кириш бўйича имтиёзга эга бўлган шахслар умумий қабул параметрларидан ташқари қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади;
- хорижий фуқароларни давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш белгиланган тартибда ўтказиладиган суҳбат натижаларига кўра олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи асосида амалга оширилади;
- магистратура (клиник ординатура) мутахассисликларига қўшимча қабул параметрлари асосида ўқишга қабул қилинган абитуриентларнинг тўлов-контракт суммаси бир талабага тўғри келадиган реал харажатлардан келиб чиқиб, олий таълим муассасаси томонидан мустақил белгиланади.
Қарорда 2022/2023-ўқув йили қабулидан бошлаб, давлат олий таълим муассасаларига, улар минимал талабларга жавоб берган тақдирда, янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича таълим фаолиятини амалга оширишга рухсат этилади.
Тасодифий хабарлар
Россия Украина мудофаа тизимига зарба берди
Яна бир "куёв салом": наҳотки шунчалик тубанлашиб кетяпмиз, мусулмончилик қаерда қолди? (видео)
UFC президенти Конор Макгрегорга чемпионлик жангини ваъда қилди. У Ҳабиб билан жанг қилиши мумкин
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг халқаро йўналишларда юк ташувчи Наманганлик ҳайдовчиларга мурожаати
Генерал-майор тергов изоляторида ўлик ҳолда топилди