Шавкат Мирзиёев айрим ҳокимларни ишдан олиш бўйича кўрсатма берди

Шавкат Мирзиёев айрим ҳокимларни ишдан олиш бўйича кўрсатма берди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 май куни тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар бергандик.

Йиғилишда давлат раҳбари тадбиркорлар ҳуқуқлари кафолатлари ва мулк дахлсизлигини таъминлаш масаласига тўхталиб, ҳокимларни қаттиқ огоҳлантирди.

Шунингдек, президент маҳсулот, ускуна, хомашё ҳамда айланма маблағлар учун кредит олишда тадбиркорларга ўрнатилган барча чекловлар олиб ташланиши кераклигини таъкидлади. Марказий банкка кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик субъектларига кредитлар бериш шартларини соддалаштириш бўйича топшириқ берилди.

Маҳсулотларга талабни яратиш учун савдо фаолиятини рағбатлантириш, аҳолининг истеъмол қобилиятини ошириш мақсадида истеъмол кредитлари беришни кенгайтириш лозимлиги қайд этилди.

Йиғилишда тижорат банклари олдидаги вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Халқ қабулхоналари ва Бош вазир қабулхоналарига келган мурожаатларнинг 55 фоизи банк кредитлари билан боғлиқлиги бу борадаги муаммолар кўламини кўрсатади. Шунингдек, банк хизматлари бўйича тадбиркорлар мурожаатлари Миллий банкда 10 фоиз, Микрокредитбанкда 11 фоиз, Агробанкда 13 фоиз ижобий ҳал қилинган, холос.

Президентимиз банк фаолиятига мижозларга хизмат кўрсатиш сифатига қараб баҳо берилишини алоҳида қайд этди.

Тижорат банклари кичик бизнес ривожида муҳим бўғин экани, ҳар бир тумандаги «ўсиш нуқталари»га маблағ йўналтириб, тадбиркор ва фуқароларни қўллаб-қувватлаши зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда тадбиркорлар билан ишлашда сусткашликка йўл қўйган айрим туман ва шаҳар ҳокимларини вазифасидан озод қилиш бўйича кўрсатма берилди.

Мутасаддилар йиғилишда муҳокама қилинган масалалар ижросини ташкил этиш юзасидан ахборот берди.

×