Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Суриядаги вазиятга баҳо берди. Вазир Сурия друзлари орасида бирлик йўқлигини таъкидлади. Унга кўра, друзлар учта йирик қабилага бўлинган.
Друзлар позицияси бир хил эмас
Фиданнинг сўзларига кўра, бу қабилаларнинг иккитаси Сурия ҳукуматини қўллаб-қувватлайди. Улар Исроилга қарши позицияда туради. Яъни друзларнинг катта қисми Дамашқ билан келишиб яшашга тайёр.
Учинчи қабила эса бошқа йўлдан бораяпти. Вазир айтишича, уни Исроил қўллаб-қувватламоқда.
Вертолётлар орқали қурол етказилмоқда
Фидан Исроил ёрдами оддий сиёсий қўллаб-қувватлаш билан чекланмаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, учинчи қабила вакилларига ҳар ҳафта вертолётда қурол-яроғ ва ўқ-дорилар келтирилади.
Бу маълумотни Туркия томони илгари суряпти. Мустақил манбалар ёки Исроил расмийлари томонидан тасдиғи ҳозирча келтирилмаган.
Провокация хавфи
Вазир яна бир хавфли сценарийга эътибор қаратди. Унинг фикрича, қуролланган гуруҳ Сурия армиясини жавоб ҳаракатларига ундашга уринмоқда. Армия бунга учиб қолса, вазият кескинлашади.
Айни шу ҳолат Исроил армияси учун баҳона бўлиши мумкин. Фидан фикрича, Тель-Авив шундан фойдаланиб, Сурияга қарши ҳарбий амалиёт бошлаши мумкин.
Сурия жануби ва друзлар яшайдиган ҳудудларда вазият кескин бўлиб қолмоқда. Фидан бу баёнотлари билан Анқаранинг позициясини яна бир бор намоён қилди: Туркия Исроилнинг Суриядаги ҳаракатларини минтақа барқарорлигига таҳдид деб билади. Дамашқ ва Тель-Авив бу гапларга қандай муносабат билдиришини кутиш керак.









