Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистон учун 250 миллион доллар миқдоридаги молиялаштириш пакетини маъқуллади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берган.
Маблағлар “Шаҳарларда яшаш ва унумдорликни ошириш учун қулай шароитлар яратиш” (Livable and Productive Cities Program, LPCP) дастури доирасида мамлакатнинг 16 та туман ва шаҳрида аҳоли ва бизнес учун муниципал инфратузилма ва хизматларни ривожлантиришга йўналтирилиши режалаштирилган.
Ўзбекистондаги 37 млн нафар аҳолининг ярмидан кўпи шаҳарларда яшайди. 2050 йилга бориб ушбу кўрсаткич 60 фоиздан ошиши кутилмоқда. Урбанизация жараёнининг жадаллашуви шаҳарни режалаштириш ва бошқариш тизими, инфратузилма ва коммунал хизматлар, шу жумладан, жамоат транспорти ва чиқиндиларни бошқариш хизматларини такомиллаштиришни талаб қилади.
Ушбу масалаларга ечим топиш учун ҳукумат 2025 йилда ҳудудларни жадал комплекс ривожлантириш дастурини ишга туширган. Ушбу давлат дастури жами 3,6 млн аҳоли истиқомат қиладиган 16 та стратегик муҳим туман ва шаҳарларда инфратузилмавий ва иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган LPCP дастури давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга оширишни қўллаб-қувватлайди ва мамлакатнинг 13 та ҳудудида инфратузилмани ривожлантиришга ёрдам беради. Янгийўл ва Марғилон шаҳарлари, шунингдек, республика бўйича 14 та туман, жумладан, Қўнғирот, Чимбой, Асака, Ғиждувон, Ғаллаорол, Яккабоғ, Хатирчи, Чортоқ, Булунғур, Сирдарё, Денов, Қува, Шовот ва Ҳазорасп туманлари шулар жумласидандир.
LPCP дастури Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан мақсадли вилоятлар, туманлар ва шаҳарлардаги маҳаллий ҳокимият органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
LPCP дастури доирасида ерларнинг олиб қўйилиши ёки фуқароларнинг мажбурий кўчирилишига олиб келиши мумкин бўлган инфратузилма лойиҳалари молиялаштирилмайди.
Банкка кўра, 2030 йилга келиб, LPCP дастури орқали мамлакатнинг 16 та туман ва шаҳарларида 1 миллионга яқин аҳолининг турмуш шароитларини тўғридан тўғри яхшилаш режалаштирилган, бунда муниципал хизматлар ва инфратузилма сифатини оширишдан турмуш сифати яхшиланадиганларнинг ярмини аёллар ташкил этади.
Хусусан, дастур 300 минг кишининг транспорт хизматларидан фойдаланиш имкониятини яхшилаш, шунингдек, 400 минг аҳоли учун жамоат жойлари ва боғларни ривожлантиришни таъминлайди. Дастур доирасида инфратузилма лойиҳаларининг амалга оширилиши қурилиш соҳасида 10 мингга яқин вақтинчалик иш ўринларини яратиш имконини беради.
Тасодифий хабарлар
Қашқадарёда МИБ ходимлари аёвсиз дўппослангани айтилмоқда (видео)
Шавкат Мирзиёев посетил мавзолей Имама Бухари
Биткоин нархи 120 минг доллардан ошиб кетди
Умра сафарида эр-хотин бир хонада тунаши жоизми?
Пенсия ва нафақа тайинлаш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар сони ўзгартирилди