Наманган вилоятида аҳолининг ўртача даромади 9,6 миллион сўмга етказилади

Наманган вилоятида аҳолининг ўртача даромади 9,6 миллион сўмга етказилади

Президент Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни Наманган вилоятида ислоҳотлар натижадорлигини ошириш, йирик инвестиция лойиҳаларини тезлаштириш ҳамда аҳоли бандлиги ва даромадини кўпайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Қалампир.уз хабарига кўра, унда вилоят аҳолисининг ўртача даромадини 9,6 миллион сўмга етказиш вазифаси қўйилди.

Жорий йил якунида вилоятга 5,4 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниши ва экспорт 1,2 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Келгуси йил иқтисодиётни 9,5 фоизга ўстириш, хорижий инвестицияни 7-8 миллиард долларга, экспортни 1,3 миллиард долларга чиқариш мумкин. Бунинг учун қиймати 5,4 миллиард долларлик янги инвестиция таклифлари тайёрланган. Давлат раҳбари уларни аниқ лойиҳаларга айлантиришни ва ҳар бирининг ижросини қатъий назоратга олишни топширди.

Саноат ва инфратузилма лойиҳалари

Наманган халқаро аэропортида соатига 1,2 минг йўловчига хизмат кўрсатадиган янги терминал ва йилига 21,2 минг тонна юк қабул қиладиган карго инфратузилмаси қурилмоқда. Чуст туманида тўқимачилик бўёқлари ишлаб чиқарадиган 260 миллион долларлик, чиқиндидан электр энергияси оладиган 150 миллион долларлик ва базальтдан иссиқлик сақловчи материал тайёрлайдиган 125 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Поп туманида кумуш концентрати, Янги Наманганда эса фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Янги Наманган шаҳарчасида замонавий IT-парк ҳам қурилади. Унда ўнлаб технологик корхона иш бошлаши режалаштирилган. Шу ерда 50 минг хонадонли турар жой, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этиш лойиҳаси ҳам бор.

Қишлоқ хўжалигида чуқур қайта ишлаш

Вилоятда 183 минг гектар ер салоҳияти бор. Йиғилишда ундан самарали фойдаланиш, маҳсулотни чуқур қайта ишлаш ва агросаноат кооперациясини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Тўрақўрғонда 70 минг бош қўйга мўлжалланган кластер ишлайди, Косонсойда 25 минг бош қорамолли йирик чорвачилик комплекси қурилиши мумкин. Бир қатор туманда паррандачилик мажмуалари ҳам ривожлантирилади.

Чуст туманидаги Олмос шаҳарчасида деҳқончилик мактаби ташкил этиш таклифи ҳам кўриб чиқилди. Унда агроакадемия, агроинновация маркази, агросаноат парки, агрологистика ва агротуризм бирлаштирилади. Хорижлик ҳамкорлар билан юқори ҳосилли картошка уруғчилиги ва экспортбоп полиз маҳсулотлари етиштириш кўзда тутилган. Шунингдек, Поп тумани адирларини ўзлаштириш ва боғдорчиликни кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Ёшлар бандлиги ва туризм

Вилоятда 786 минг нафар ёш бор. Уларни хорижий тиллар ва замонавий касбларга ўқитиш, ички ва ташқи меҳнат бозорида муносиб иш билан таъминлаш зарурлиги айтилди. Ибрат номидаги чет тиллари институтида итальян тили ўқитиш маркази очилгани ижобий баҳоланди. Келгуси йил 10 минг ёшни Япония ва Германияда юқори даромадли ишга юбориш учун тил ва касбий тайёргарлик йўлга қўйилади.

Туризмда Поп туманидаги “Арашан” кўп функцияли мажмуаси ва “Қамчиқ” тоғ дам олиш маскани лойиҳаси муҳокама қилинди. “Арашан”нинг биринчи босқичи 2027 йилда ишга тушириш режалаштирилган. Президент бу ишлар одамларнинг кундалик ҳаёти ва даромадида аниқ натижа беришини таъкидлади.

Теглар:
×