ТикТокда «виртуал тавоф» учун жетон йиғилмоқда: мусулмонлар норози

ТикТокда «виртуал тавоф» учун жетон йиғилмоқда: мусулмонлар норози

Ижтимоий тармоқда пул ишлашнинг янги усули мусулмонлар орасида кескин норозилик уйғотди. ТикТокдаги айрим тўғридан-тўғри эфирларда Каъбанинг виртуал тасвири кўрсатилиб, томошабинларга «рақамли тавоф» қилиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Oxu.Az нашри Haber7 га таяниб хабар берди.

Экранда нималар бўляпти

Тавоф ҳаж ва умранинг асосий амалларидан бири. Унда Каъба атрофи соат милига тескари йўналишда етти марта айланиб чиқилади. Ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан миллионлаб мусулмон Маккага келиб, шу амални адо этади.

Эфирларда эса анимацион қаҳрамонлар виртуал Каъба атрофида айланади. Уларнинг ёнида совға ва жетон юборган томошабинларнинг исмлари кўринади. Юборилган жетонлар сонига қараб турли анимация ва махсус эффектлар ишга тушади.

«Мукофот» тизими қуйидагича. 1–4 жетон юборилса, Замзам булоғининг рақамли эффекти кўрсатилади. 30–99 жетон учун «шайтонга тош отиш» маросимининг анимацияси ишга тушади. 100 ва ундан ортиқ жетон юборганларга махсус қўллаб-қувватлаш хабарлари жўнатилади.

Биринчи бешталикка кириш учун курашаётганлар алоҳида рағбатлантирилади. Уларга шахсий хабар ва табриклар келади. Бу томошабинлар ўртасида рақобатни кучайтириб, кўпроқ жетон юборишга ундайди.

Чатда «Аллоҳ қабул қилсин!» ва «Аллоҳ менга ҳам шундай бахт насиб этсин!» каби изоҳлар учрайди. Эфирда «Ойша тавофни якунлади» каби иборалар ҳам янграйди. Булар одамларни экран олдида узоқроқ қолиб, яна жетон юборишга чорлайди.

Уламолар нима дейди

Исломшунослар ҳаж ва умрани виртуал симуляция орқали адо этиб бўлмаслигини қатъий таъкидлади. Бундай ҳаракатнинг ҳеч қандай диний аҳамияти йўқ. Ҳаж Ислом динининг беш устунидан бири, жисмоний ва моддий имконияти бор ҳар бир мусулмонга фарз. Уни фақат шахсан бориб адо этиш лозим.

Диншунослар диний қадриятларни тижорат мақсадида ишлатишни ҳам кескин танқид қилди. «Исломда виртуал ибодат деган тушунча йўқ. Ибодатнинг мақсади инсоннинг сўзи, танаси ва қалби билан шахсан иштирок этишидир. Одамларни “виртуал ибодат”га ундаб, бунинг учун пул талаб қилиш диндан бойлик орттириш воситаси сифатида фойдаланиш демакдир. Бу дунёдаги миллиардлаб мусулмоннинг эътиқоди ва ҳис-туйғуларини тўғридан-тўғри ҳақорат қилишдир», — деди уламолар.

Теглар:
×