Япония Мудофаа вазирлиги 17 ноябрь куни эрталаб мамлакат ҳаво ҳудудига Россияга тегишли бўлиши мумкин бўлган икки ҳарбий самолёт кирганини маълум қилди. Шу munosabat билан ҳавога қирувчи самолётлар кўтарилиб, хорижий самолётлар экипажи огоҳлантирилди.
Вазирлик маълумотига кўра, самолётлар Фукуока префектурасидаги Окиносима оролининг шимоли-ғарби яқинида, Япониянинг ҳудудий сувлари устидан учган. Биринчи самолёт маҳаллий вақт билан 04:07 дан 04:10 гача, иккинчиси 04:09 дан 04:12 гача Япония ҳаво ҳудудида бўлган.
Ҳудудни тарк этгач, самолётлар Сусима бўғози орқали ўтган. Кейин Ёнагуни ороли билан Тайван оралиғидан учиб, Тинч океани томон йўналган.
Токио норозилик билдирди
Мудофаа вазири Синдзиро Коидзуми воқеани мамлакат суверенитетининг жиддий бузилиши ва хавфсизликка таҳдид деб атади. “Россия самолётларининг ҳаво ҳудудимизни бузиши нафақат Япония суверенитетига жиддий тажовуз, балки хавфсизлигимизга ҳам таҳдиддир. Бу мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат”, деди вазир.
Унинг айтишича, Токио дипломатик каналлар орқали Москвага кескин норозилик билдирган. Япония бундай ҳодисалар такрорланмаслигини талаб қилди.
Жанубий Кореяда ҳам шундай ҳолат
Шу куни Жанубий Корея ҳам Россия ҳарбий самолётлари ҳаракатини қайд этди. Yonhap агентлиги Қуролли кучлар Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитасига таяниб хабар беришича, бир нечта Россия самолёти Япон денгизи устидаги ҳаво мудофаасини аниқлаш зонасига кирган. Кореялик ҳарбийлар самолётларни зонага киришидан олдин пайқаган ва жавобан қирувчиларни ҳавога кўтарган.
Россия самолётлари олдиндан огоҳлантирмасдан зонага кирган, лекин кўп ўтмай уни тарк этган. Бундай зона давлатнинг расмий ҳаво ҳудуди ҳисобланмайди. У хорижий самолётларни олдиндан аниқлаш ва тасодифий тўқнашувларнинг олдини олиш учун белгиланади. Россия ва Хитой халқаро ҳуқуқда бундай зоналарни белгилашга етарли асос йўқ деб ҳисоблайди ва Жанубий Кореянинг юрисдикциясини тан олмайди.
Бу биринчи ҳодиса эмас
Россия ҳарбий самолёти Япония ҳаво ҳудудини сўнгги марта 2024 йил сентябрь ойида бузган эди. Ўшанда разведка самолёти Хоккайдо яқинидаги Ребун оролида мамлакат ҳаво чегарасини уч марта кесиб ўтган. Япония қирувчилари экипажни огоҳлантириш учун иссиқлик тузоқларидан фойдаланган.
Окиносима яқинида эса шунга ўхшаш ҳодиса охирги марта 2013 йил август ойида содир бўлган. Ўшанда Россиянинг бомбардимончи самолётлари Япония ҳаво ҳудудига кирган эди.









