Ўзбекистонда оммавий тадбирларни ўтказиш тартиби ўзгариши мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарор лойиҳаси 18 ноябрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ҳужжатда хавфсизлик хизматларини пулли қилиш, дронлардан фойдаланиш ва чипта савдосини электрон шаклга ўтказиш таклиф этилган.
Лойиҳага кўра, жамоат хавфсизлигини Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва соғлиқни сақлаш органлари пулли асосда таъминлайди. Ташкилотчи улар билан шартнома тузиши шарт. Шартнома рухсатнома олингандан кейин, тадбирга камида 10 иш куни қолганда расмийлаштирилади.
Хизмат қиймати қандай ҳисобланади
Бир киши-соат учун тўлов базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 фоизи, яъни 30 800 сўм этиб белгиланмоқда. Шартноманинг умумий қиймати эса шу суммадан 50 фоизини, яъни 15 400 сўмни олиб, жалб этилган ходимлар сонига ва тадбир давомийлигига кўпайтириш йўли билан чиқарилади. Президент, Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси ва Ҳукумат ҳужжатлари асосидаги тадбирлар учун ҳақ олинмайди. Кўчма цирклар, дорбозлар томошалари ва сайловолди ташвиқоти ҳам бу тартибдан мустасно.
Одамлар оқимини назорат қилиш учун дронлардан фойдаланиш ҳам таклиф қилинган. Улар иштирокчиларни узлуксиз кузатади, сонини ҳисоблайди ва тиғизликдан келиб чиқиши мумкин бўлган хавфни олдиндан аниқлайди. Қоидани бузганларнинг тадбирга киришини суд қарори билан вақтинча чеклаш мумкин бўлади. 2027 йилдан бундай шахсларни Ички ишлар вазирлиги “Хавфсиз шаҳар” платформасидаги махсус модул орқали электрон рўйхатга олади.
Чипталар фақат электрон шаклда
Маданий, кўнгилочар ва спорт тадбирларига чипталар электрон шаклда сотилиши таклиф этилмоқда. Мақсад — чипталарни қимматга қайта сотиш, қалбакилаштириш ва коррупцияга чек қўйиш. Очиқ майдонлар ва сайилгоҳлардаги тадбирлар бундан мустасно. Рухсатномасиз тадбир ҳақида реклама бериш ва чипта сотиш ҳам тақиқланади.
Одамларни бепул ёки ҳаддан ташқари арзон маҳсулот ваъда қилиб йиғиш ҳам мумкин бўлмайди. Оммавий тадбир деб 100 ва ундан ортиқ киши қатнашадиган тадбирлар ҳисобланади. Митинг, намойиш, тўй ва оилавий маросимлар бунга кирмайди. Ўриндиқсиз очиқ майдонда ҳар бир квадрат метрга кўпи билан бир киши тўғри келиши керак.
Тадбир ўтадиган жойда ва ундан 500 метр атрофда алкоголь савдоси тадбирдан икки соат олдин тўхтатилади. Видеокузатув ёзувлари камида 30 сутка сақланади. Лойиҳа муҳокамадан ўтгач, Вазирлар Маҳкамаси уни қабул қилиши ёки таҳрир киритиши мумкин.









