Педофиллар энди умрбод қамалади: Сенат кутилган қонунни маъқуллади

Педофиллар энди умрбод қамалади: Сенат кутилган қонунни маъқуллади

Ўзбекистонда 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан содир этилган номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Бу ҳақда бугун, 2 октябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенати томонидан кўриб чиқилган ва маъқулланган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда сўз бордаи.

Сенатор Абдулхаким Эшмуродовнинг маълум қилишича, Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) бўйича 2022 йилда 85 та, 2023 йилда 108 та, 2024 йилда 129 та, 2025 йилда эса 123 та жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) бўйича 2022 йилда 144 та, 2023 йилда 163 та, 2024 йилда 170 та ва 2025 йилда 116 та жиноят иши очилган. Шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан шаҳвоний шилқимлик бўйича мурожаатлар сони 2023 йилдаги 56 тадан 2025 йилда 141 тага етган.

Қонун билан 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига текканлик ҳамда унга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондирганлик учун узоқ муддатли 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилмоқда. Шунингдек, болаларнинг жинсий дахлсизлигига қарши содир этилган ўта оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этиш муддатларининг ўтиб кетганлиги қўлланилмайди. Боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар учун шартли ҳукм қилиш ва жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш бутунлай тақиқланмоқда.



Жинсий зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга процессуал ҳаракатларга жалб этилган илк дақиқалардан эътиборан давлат ҳисобидан бепул малакали юридик ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилмоқда. Зўравонликдан жабр кўрган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзув орқали қайд этиш, жинсий эркинликка қарши жиноят қурбони бўлган бола ва гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўртасидаги юзлаштиришни махсус тартиб бўйича ўтказиш, жабрланувчи бола ва айбланувчи ўртасидаги юзлаштиришни фақат терговчи, прокурор қарори ёки суд ажрими асосида ўтказиш белгиланмоқда. Агар зўравонлик оила аъзолари ёки яқин қариндошлар томонидан содир этилган бўлса, процессуал жараёнларда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштироки мажбурий қилиб қўйилмоқда.

Меҳнат кодексига киритилаётган қўшимчага кўра, таълим ва тарбия муассасаларида болани тарбиялаш ва унга таълим бериш борасидаги мажбуриятлар ўз зиммасига юклатилган таълим ташкилоти ходимининг болага нисбатан зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликка тортилганлиги муносабати билан унинг меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга асос бўлади. Бундай шахсларнинг келгусида болалар билан ишлашига чеклов қўйилади.

Шу билан бирга, ота-оналарнинг болаларга ғамхўрлик кўрсатмаслиги, уларнинг асосий эҳтиёжларини қасддан қаноатлантирмаслиги, никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни бузиши, шунингдек, болаларни соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ва болалар қайта зўравонликка учрашдан қўрқиб мурожаат қилишга иккиланмаслиги учун, уларнинг сўровига асосан яшаш манзилига ёзма ёки электрон жавоб хати юбормаслик тартиби жорий этилмоқда.

“Бу оилавий низоларнинг янада авж олиши ва қайта зўравонлик содир этилишининг олдини олишга хизмат қилади”, дейди сенатор.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланиб, имзолаш учун Президентга юборилди.


×