Бухоро вилоятида банк филиалининг собиқ раҳбари фуқаронинг хабари ва розилигисиз унинг номига кредит расмийлаштириб, маблағни ўзлаштиргани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, тижорат банкларидан бирининг Ромитан филиали собиқ раҳбари А.Ҳ., банк менежери Ф.С. ҳамда маҳаллада собиқ ҳоким ёрдамчиси вазифасини вақтинча бажарган С.Х. ўзаро тил бириктирган. Улар фуқаро Ҳ.А. нинг маълумотларидан фойдаланиб, унинг розилигисиз 32,9 миллион сўмлик кредит расмийлаштирган. Кредит маблағлари гўёки уч ғилдиракли мотоцикл хариди учун ЯТТ “С.Г.”нинг ҳисоб рақамига ўтказилган ва кейинчалик нақдлаштириб олинган.
Маълум бўлишича, ушбу маблағлар гумонланувчилар томонидан ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборилган. Шунингдек, фуқаро Ҳ.А. номига расмийлаштирилган 35,9 миллион сўмлик кредит қарздорлиги бўйича ижро иши қўзғатилганидан хабар топган банк собиқ раҳбари А.Ҳ. қарздорлик гўёки тўлиқ ундирилгани ҳақида сохта ҳужжат тайёрлаб, Мажбурий ижро бюросига тақдим этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни тайёрлаш, қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тасодифий хабарлар
«Омикрон» штамми 57 мамлакатга кириб борди
Наманганда эрини ўлдириб, тилла тишларини синдириб олган аёл қамалди
1 сентябрдан нималар ўзгаради?
Тарихий фактлар Каримовнинг 2 сентябрда эмас, 28 август куни вафот этганини тасдиқламоқда
Президент ҳокимларни танқид қилди