Одам қолдиқларидан овқат тайёрлаб еган эркак ушланди

Одам қолдиқларидан овқат тайёрлаб еган эркак ушланди

Жорий йилнинг 17 июнь куни Венгрияда ташландиқ қабристонлардан ва ўзи ишлайдиган шифохонадан инсоннинг тана қисмларини йиғиб юрган 30 ёшли эркак ҳибсга олинди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.


Қайд этилишича, ушбу эркакни Венгрия Миллий тергов бюроси Будапештда ҳибсга олган. Полиция баёнотига кўра, эркак иш жойида ва уйида тана қисмларини сақлаб келаётгани ҳақида маълумот келиб тушган. Эркак шифохонада санитария ходими сифатида ишлаган.

Терговчилар эркакнинг квартирасини тинтув қилинганда улар бош суяклари, бутун пастки оёқ қисми ва қўлни, шунингдек, инсоннинг юз терисидан тайёрланган юз реконструкциясини топган. Бошқа суяклар эса чамадон ичида сақланган ҳолда аниқланган. Шунингдек, банкада сақланган юрак ҳам топилган бўлиб, полиция унинг инсонники ёки ҳайвонники эканини аниқлаш устида ишламоқда.

Эркак сўроқ пайтида тана қисмларини йиғганини тан олган. У ўзи инсон тана қисмларига алоҳида қизиқиши борлигини айтган, шунингдек, бундай қисмлардан овқат тайёрлаб еганини ҳам билдирган. У ҳозирча инсон жасадларидан ноқонуний фойдаланишда гумон қилиниб ҳибсда сақланмоқда.

Терговчиларга кўра, у тана қисмларини шифохонадаги ишидан ва Словакия ҳамда Венгриядаги эски ва қаровсиз қабристонлардан қазиб олиш орқали қўлга киритган бўлиши мумкин.

Полиция унинг компьютер, ноутбук, планшет, мобил телефон, SIM-карта ва маълумот сақловчи карталарини мусодара қилган. Топилган барча тана қисмлари суд-тиббиёт экспертлари томонидан текширилади. Тергов давомида аниқланишига қараб, эҳтимолий жиноятлар доираси кенгайиши мумкин.


Теглар:
×