Туркияда автомобилга ўқ узган икки ўзбекистонлик ҳибсга олинди

Туркияда автомобилга ўқ узган икки ўзбекистонлик ҳибсга олинди

Туркиянинг Анталия вилояти Манавгат туманида автомобилга ўқ узган икки Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди. Бу ҳақда Antalya Ekspres нашри хабар берди. Воқеа туманнинг Илжа маҳалласида содир бўлган.

Йўл четидаги ҳужум

Нашр маълумотига кўра, A.E.K. исмли эркак Зейтинлик ҳудудида телефонда гаплашиш учун машинасини йўл четида тўхтатган. Шу пайт мотоциклда икки киши келган. Иккови ҳам юзини ниқоб билан беркитиб олган, улар ҳайдовчидан машинадан тушишни талаб қилган.

Ҳайдовчи нотаниш кишилардан шубҳаланиб, тушмаган. У машинани орқага юргизиб, қочишга уринган. Шунда ҳужумчилар автомобилга орқа томондан ўқ узган. Кейин улар воқеа жойидан тез кетиб қолган.

Ҳодисадан сўнг эркак 112 тезкор чақирув марказига қўнғироқ қилган. Жойга жандармерия ходимлари етиб келган.

Гумонланувчилар қандай топилди

Ҳужумчиларни аниқлаш билан Манавгат туман жандармерия қўмондонлиги, Кумкўй жандармерия бўлинмаси ва жандармериянинг махсус тергов гуруҳи (JASAT) шуғулланган. Тергов гуруҳи 30 та хонадон ва тадбиркорлик объектидаги кузатув камераларининг 72 соатлик ёзувини кўриб чиққан.

Натижада ҳужумни Ўзбекистон фуқаролари Камронбек Абдурасулов ва Эрўл Камол Пусат уюштиргани аниқланган. Икковини ҳам қўлга олишган. Уларга жамоат хавфсизлигига таҳдид солиш, мулкка зарар етказиш ва қурол билан қасддан жароҳат етказишга уриниш айблари қўйилган. Яна ҳақорат қилиш ва 6136-сонли қонунни (қурол муомаласини тартибга солувчи қонун) бузишда ҳам айбланмоқда.

Суд қарорига кўра, гумонланувчилар ҳибсга олиниб, Манавгатдаги ёпиқ қамоқхонага жойлаштирилган.

Ҳужум камераларга ҳам тушиб қолган. Тасвирларда икки киши мотоциклда автомобил ортидан қайтиб келгани кўринади. Улар ҳайдовчи қочаётганда ўқ узади, сўнг воқеа жойидан қочиб кетади. Ҳужумнинг сабаби ҳозирча маълум қилинмаган.

Теглар:
×