Афғон уруши қурбонларининг оилаларига янги имтиёзлар берилади

Афғон уруши қурбонларининг оилаларига янги имтиёзлар берилади

Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар чоғида фарзандлари ҳалок бўлган ота-оналарга коммунал тўловларнинг бир қисми қоплаб берилади. Бу ҳақда 16 апрель куни Президент томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги 62-сонли фармонида сўз боради.


Киритилган ўзгартиришларга кўра, Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар чоғида фарзандлари (эр ёки хотин) ҳалок бўлган ота-оналарга (беваларга) уй-жой коммунал хизматлар тўловларининг бир қисмини қоплаш учун компенсация пул тўловини жорий этиш белгиланган.

Мазкур қарор Афғонистон уруши қурбонлари оилаларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Афғон уруши

1979–1989 йилларда бўлиб ўтган Афғонистон урушида Ўзбекистон ҳам иштирок этган. 1979 йил 25 декабрда Собиқ Иттифоқ қўшинлари “байналмилал бурчни бажариш” шиори остида Афғонистон ҳудудига киритилди. Асосий мақсад минтақада собиқ Иттифоққа хайрихоҳ бўлган тузумни сақлаб қолиш ва геосиёсий таъсир доирасини кенгайтириш бўлган. Ушбу ҳарбий ҳаракатлар 9 йилу 2 ой давом этди.

Ўзбекистон, хусусан Термиз шаҳри урушнинг асосий логистик маркази ҳисобланган. Амударё устига қурилган “Дўстлик” кўприги орқали ҳарбий техника ва шахсий таркиб Афғонистонга киритилган ва худди шу ердан 1989 йил 15 февралда олиб чиқилган.

Ўзбекистон ҳудудида ярадорларни даволаш ва қўшинларни тайёрлаш учун асосий базалар жойлашган.

Уруш йилларида Ўзбекистондан 64 500 нафардан ортиқ йигитлар жанг майдонларига юборилган. Жанговар ҳаракатлар давомида 1 500 дан ортиқ ўзбекистонлик ҳалок бўлган. 2 500 га яқини урушдан турли даражадаги жисмоний жароҳатлар ва ногирон бўлиб қайтган.


Теглар:
×