Бутун дунё интернет-трафикнинг қарийб 99 фоизи сувости кабеллар орқали ўтмоқда

Бутун дунё интернет-трафикнинг қарийб 99 фоизи сувости кабеллар орқали ўтмоқда

Ахборот асрида сувости кабеллар рақамли алоқанинг асосий пойдеворига айланди – халқаро интернет-трафикнинг тахминан 99 фоизи айнан шу кабеллар орқали узатилади. Бу ҳақда БМТ Янгиликлар хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, дунёнинг турли қисмларини алоқа кабеллари орқали боғлаш ишлари анча илгари бошланган. Хусусан, 1850 йилда Британия ва Франция сувости телеграф кабели орқали боғланган илк давлатлар бўлган.

Шундан сўнг технологиялар изчил ривожланиб борди: телеграф хизматлари телефон тармоқлари билан алмашди, кейинчалик эса толали-оптик кабеллар орқали юқори тезликдаги интернет пайдо бўлди. Бугунги кунда денгиз ва океанлар тубидан ўтказилган ушбу линиялар орқали ҳар сонияда юзлаб терабит маълумот узатилмоқда.

Ҳозирда бутун дунё бўйлаб қитъаларни боғлаб турувчи 500 дан ортиқ тижорий сувости кабеллари мавжуд. Қалинлиги тахминан боғ шлангидай келадиган бу кабеллар умумий ҳисобда 1,7 миллион километрга чўзилган бўлиб, бу Ер шарини бир неча марта айланиб чиқиш учун етарлидир.

Хабарда айтилишича, кабелларни ётқизишдан олдин денгиз туби хавф-хатарлари энг кам бўлган ва атроф-муҳитга таъсири минимал бўлган йўналишларни танлаш мақсадида синчиклаб ўрганилади. Кейин эса махсус кемалар улкан ғалтакларга ўралган толали-оптик кабелларни ечиб, уни денгиз тубига жойлаштиради.

“Сувости кабеллар жаҳон иқтисодиётининг асосий таянчига айланиб бораётган бир пайтда, маълумот узатишдаги ҳар қандай узилиш дарҳол ўз таъсирини кўрсатади. Бу иқтисодий фаолиятга, фавқулодда ва технологик хизматларга, хавфсизлик тизимларига ҳамда бутун дунё бўйлаб миллиардлаб инсонларнинг интернетга кириш имкониятига таъсир қилади”, дейилади хабарда.

Ҳар йили сувости кабеллари билан боғлиқ 150-200 та ҳодиса қайд этилади, бу ўртача ҳафтасига 3-4 тани ташкил қилади. Кабеллар ишидаги носозликлар зилзилалар, сувости кўчкилари ва вулқон отилишлари оқибатида юзага келиши мумкин. Бироқ статистикага кўра, ҳодисаларнинг тахминан 80 фоизи инсон омилли сабабли рўй беради – асосан кемалар, хусусан, якорлар кабелларга зарар етказади.


×