Кеча, 22 апрел куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишининг олдини олиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда сервис соҳасини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳозирги кунда умумий овқатланиш тармоғида 13 минг, савдода 45 минг, хизмат кўрсатишда 19 минг, транспортда 7 минг корхона фаолиятини тўхтатган ёки тушумлари кескин камайган.
Ваҳоланки, карантин шароитида ҳам озиқ-овқатлар ва товарларни етказиб бериш, кўчма савдо ва хизматларни ташкил этиш орқали бу корхоналарнинг камида 70 фоизини ишлатиш мумкин.
Шу билан бирга, карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда, тўловларни қабул қилиш, суғурта, микрокредит хизматларини ҳам йўлга қўйса бўлади.
Шулардан келиб чиқиб, Республика махсус комиссиясига етказиб бериш хизматини йўлга қўйган тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун шароит яратиш бўйича топшириқ берилди.
Ўтган йил сентябрдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси бериш бошланган бўлса-да, бу ҳали етарли даражада самара бермаяпти.
Шу боис ўзини ўзи банд қилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний фаолият юритиши учун қулай ва содда ҳуқуқий тизим яратиш зарурлиги таъкидланди.
Ҳозирда бундай кишиларга 85 та фаолият тури билан шуғулланишга рухсат берилган. Йиғилишда бу рўйхатни кенгайтириш, қонунчиликда тақиқланмаган барча тадбиркорлик турларига рухсат бериш кераклиги айтилди. Ўзини ўзи банд қилган одамлар фақат хабардор қилиш орқали рўйхатдан ўтиб ишлайдиган механизм жорий этилади.
Юртимизда ҳунармандчилик яхши анъаналарга ва улкан салоҳиятга эга. Бугунги кунда 25 мингдан зиёд уста, шогирдлари билан қўшиб айтганда жами 80 мингга яқин оила шу соҳадан даромад топмоқда.
Йиғилишда масофавий ўқув курслар ташкил этиб, ёшлар ва аёлларга ҳунар ўргатиш, ўз мактабига эга ҳунарманд усталар тажрибасини телевидение орқали оммалаштириш бўйича топшириқлар берилди.
“Ҳунарманд” уюшмаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ҳунармандчилик маҳсулотларини Ўзбекистон миллий бренди остида хорижда сотишни таъминловчи онлайн платформа яратиш вазифаси юклатилди.
Бугунги кунда кўплаб ёшлар уйида ўтириб, интернет орқали дизайнерлик, таржимонлик, дастурлаш, реклама, репетиторлик каби хизматлар кўрсатмоқда. Лекин бундай мутахассислар, яъни фрилансерлар учун масофадан ҳисоб рақами очиш, почта, тўловларни қабул қилишда қатор тўсиқлар мавжуд. Оқибатда ушбу фаолият билан шуғулланувчиларнинг харажатлари 2-3 баробар ошиб кетмоқда.
Шу боис мутасаддиларга бундай фаолият турлари учун имтиёз ва преференциялар бериш, ёшларни интернетдан фойдаланиб, ақлий меҳнат орқали даромад топишга ўргатиш, соҳани ривожлантириш учун хорижда оммабоп бўлган тўлов тизимларини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.
Видеоселектор йиғилишида соҳа мутасаддилари ва ҳокимлар белгиланган кўрсаткичларни бажариш режалари юзасидан ахборот берди.
Тасодифий хабарлар
Наманганда икки йигитни дўппослаган қизга нисбатан қўзғатилган жиноий иш тўхтатилди
«Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейига қабул эълон қилинди
Ўзбекистонда мактаблар янги ўқув йилида очиладими?
Наманганда Cobalt чуқурга тушиб кетиши оқибатида йўловчи ҳалок бўлди
Наманганда хонадонни тунаган аёл қўлга олинди