24 ноябрь куни Ўзбекистон ва Швейцария ноқонуний ўзлаштирилган активларнинг навбатдаги қисмини қайтариш бўйича битимни тасдиқлади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ма'лум қилишича, Ўзбекистонга 252,5 миллион АҚШ доллари қайтарилади. Пуллар "Ишонч – 2030" (Uzbekistan Vision 2030 Fund) траст жамғармаси орқали сарфланади.
Ресурсларни тақсимлаш стратегиясининг иккинчи босқичи ҳужжатига учта расмий шахс имзо чекди. Улар — Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси Симоне Гигер ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабина Маҳл.
Жамғарма қандай ишлайди
"Ишонч" жамғармаси Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Ўзбекистон, Швейцария ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган. Унинг мақсади — Швейцарияда мусодара қилинган активларни халқ манфаати учун қайтариш ва улардан самарали фойдаланиш. Пуллар ҳукумат билан ҳамкорликда БМТ ва Жаҳон банки иштирокидаги дастурлар орқали сарфланади. Лойиҳаларни танлаш, амалга ошириш ва натижасини кузатишда шаффофлик ҳамда жамоатчилик иштироки таъминланиши айтилмоқда.
Биринчи босқичда соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасига 87 миллион доллар ажратилган эди. Бу маблағ оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, перинатал (туғруқ даври) ёрдамни яхшилаш ва таълим сифатини ошириш учун сарфланди. Ўқитувчиларнинг рақамли кўникмаларини ривожлантиришга ҳам пул ажратилди.
Иккинчи босқичнинг устувор йўналишлари
Янги стратегияда иккита асосий йўналиш белгиланган. Соғлиқни сақлашда болалар ва ўсмирларга тиббий ёрдам тизимини яхшилаш, касалликларни эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олиш кўзда тутилган. Айрим онкологик касалликларни даволаш имкониятларини кенгайтириш ва шифокорлар малакасини ошириш ҳам режада бор.
Таълим йўналишида мактаб инфратузилмасидаги эҳтиёжлар, жумладан янги мактаблар қурилиши қўллаб-қувватланади. Шунингдек, дарсларга рақамли технологиялар жорий этилади, ўқитувчилар малакаси оширилади. Бунда айниқса қишлоқ ҳудудлари ва ижтимоий хизматлардан тўлиқ фойдалана олмайдиган аҳоли қатламларига эътибор қаратилади.
Жамғарма фаолиятида коррупцияга қарши курашиш, маблағлардан мақсадли фойдаланиш ва лойиҳалар натижасини баҳолаш асосий тамойил сифатида белгиланган. Фуқаролик жамияти вакиллари мустақил мониторингда иштирок этади. Аввалроқ Гулнора Каримованинг Швейцарияда мусодара қилинган пулларидан 43,5 миллион доллар тиббиётга йўналтирилгани хабар қилинган эди. Вазирлик таъкидлашича, навбатдаги битим икки давлат активларни қайтариш борасида изчил ҳамкорлик қилаётганини кўрсатади.









