Тадбиркорларнинг мингга яқин таклифи Ўзбекистон қонунчилигига киритилди

Тадбиркорларнинг мингга яқин таклифи Ўзбекистон қонунчилигига киритилди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 20 августда тадбиркорлар билан ўтказган илк очиқ мулоқотидан буён шу кунгача тадбиркорларнинг мингга яқин ташаббуси қонунчиликда ўз аксини топди. Бу ҳақда бугун, 20 август куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида маълум қилинди.

Давлат раҳбари бу галги учрашув улкан бунёдкорлик ишлари бошланган Янги Тошкентда ўтаётганида рамзий маъно борлигини таъкидлади.

“Ушбу мегалойиҳа ислоҳотларимиз ҳаётда қандай акс этаётганининг яққол исботи, янгиланиш ва тараққиёт йўлидаги дадил қадамларимизнинг ёрқин тимсоли бўлади.

Сиз тадбиркорлар учун Янги Тошкент – янги имкониятлар, янги ғоялар ва янги бозорлар майдонига, инновациялар ва инвестициялар марказига айланади.

Бу ердаги тўлиқ “яшил” технологияларга асосланган энг замонавий инфратузилма сизларнинг янги-янги ғоя ва ташаббусларингиз учун хизмат қилади.

Шуни билингки, Янги Тошкент дарвозалари бизнес қиламан, деган барча тадбиркорлар учун ҳамиша очиқ бўлади”, деди Президент.

Маълум бўлишича, бугунги очиқ мулоқотга тайёргарлик давомида 26 та соҳанинг 7 мингга яқин вакиллари билан алоҳида-алоҳида учрашувлар ўтказилган. “Колл-марказ” орқали ҳам 13 мингдан зиёд мурожаат ва ташаббуслар келиб тушган. Ҳозирги мураккаб шароитда ҳар бир кун муҳимлигини инобатга олиб, очиқ мулоқотни кутиб ўтирмасдан, мева-сабзавот экспорти ва тўқимачиликда тўпланиб қолган муаммоларга ечим топиб берилган.

Шунингдек, ўтган ҳафтада бизнесни “соядан” чиқаришни рағбатлантириш бўйича ҳам тадбиркорларга янада қулай шароитларни назарда тутган катта янгиликлар эълон қилинди. Жумладан, ишини кичик лойиҳадан бошлаб, бизнесда тажриба ва малака тўплаган якка тартибдаги тадбиркорларга кўмак бериб, уларни 50-100 нафар одам ишлайдиган бақувват корхоналар соҳибига айлантириш мақсадида ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун 2030 йилгача махсус ҳуқуқий режим жорий этилди.

Энди бундай тадбиркорлар учун рўйхатдан ўтишдан тортиб ҳисобот топширишгача бўлган барча хизматларни жамлаган рақамли платформалар яратилади. Бунда тадбиркорлар керакли ҳужжатларни масофавий биометрия ва “СМС хабарнома” орқали электрон калитсиз имзолаши мумкин. Ишчиларга электрон ҳамён орқали “кунбай”, “соатбай” маош тўлаш имконияти яратилади.


×