Икки мингга яқин мансабдорлар Ўзбекистонга 2 триллион зарар етказган

Икки мингга яқин мансабдорлар Ўзбекистонга 2 триллион зарар етказган

Ўзбекистонда 2019—2020 йилларда 1986 нафар мансабдор шахс ноқонуний хатти-ҳаракати билан давлатга 2 триллион сўм зарар етказган ва коррупцияга оид жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёевнинг Конституциянинг 28 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригида айтилди.

Таъкидланишича, аҳоли муаммоларини ўрганиш натижасида 2,5 миллиондан зиёд аъзоси бўлган 590 мингдан ортиқ оилани қўллаб-қувватлаш учун 840 миллиард сўм маблағ ажратилган. Хусусан, ҳар бир хонадондаги аёллар ва ёшларнинг эҳтиёжи, ҳаётий муаммолари аниқланиб, 300 мингга яқин оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзолари иш билан таъминланган.

«Тараққиёт кушандаси бўлган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш лозим. Сўнгги икки йилда ноқонуний хатти-ҳаракати билан давлатга 2 триллион сўм зарар етказган 1986 нафар мансабдор шахс коррупцияга оид жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилгани бу масала нақадар долзарб эканини кўрсатади», дея таъкидлади Президент.

Маълум қилинишича, мазкур йўналишдаги ишларни тизимли ва комплекс давом эттириш учун 2021—2025 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш миллий стратегияси устида иш олиб борилмоқда.

«Шу ўринда яна бир бор таъкидлаб айтаман: бу масала биз учун ўта муҳим ва устувор вазифа бўлиб қолади. Чунки коррупция — бу давлатимизни ич-ичидан емириб, миллий хавфсизлигимизга рахна соладиган ғоят хатарли таҳдид ва унга қарши муросасиз кураш олиб бориш — барчамизнинг бурчимиздир», — деди Шавкат Мирзиёев.

×