Қозоғистонда Сак даврига оид ноёб буюмлар топилди

Қозоғистонда Сак даврига оид ноёб буюмлар топилди

Қозоғистоннинг Олмаота вилояти Уйғур туманида жойлашган Тоғизбулоқ қишлоғи яқинидаги қадимий қабрлар ҳудудида Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон Миллий университети археологлари томонидан Сак даврига оид ноёб олтин заргарлик буюмлари топилди. Бу ҳақда Қозоғистон Фан ва олий таълим вазирлигига таяниб, “Казинформ” хабар берди.

Маълум қилинишича, илк темир даврига оид Тоғизбулоқ-1 ва Тоғизбулоқ-2 қабристонларидаги 50 дан ортиқ қабр устида олиб борилган дала қазишмаларида муҳим топилмалар аниқланган. Тарих фанлари доктори, профессор Досбол Байғунаковнинг сўзларига кўра, қазишмалар чоғида олтита қабр очилган. Айниқса, Тоғизбулоқ-1 қабристонининг 3- ва 4-рақамли қабрларида эркак ва аёл суяклари, сопол идишлар, темир буюмлар, олтин занжир бўлаги ва бошқа буюмлар топилган.

 

Асосий эътиборни эса 3-рақамли қабрда топилган, деярли 8 грамм оғирликдаги шер тасвири туширилган олтин узук жалб қилган.

“Бундай артефактлар жуда ноёб саналади. Узук соф қуйма олтиндан ясалган. Ундаги шер тасвири синкретизм билан боғлиқ. Бир қарашда унда аёл юзи, шер башараси ва елкасидаги елвизак (ёки ҳатто буқа ёки қўй) образлари кўринади. Бу эса қадимий қабилаларда кенг тарқалган диний култларни эслатади”, дейилади Фан ва олий таълим вазирлиги баёнотида.

Мутахассисларнинг фикрича, бундай дафн маросимлари ва артефактлар Сак қабилаларига хос бўлиб, топилмалар тахминан милоддан аввалги IV-III асрларга тегишли.

“Тоғизбулоқ-1 ва Тоғизбулоқ-2 қабристонларида топилган бойлик мажмуалари илк темир даврига оид бўлиб, ҳозирги Уйғур тумани ҳудуди қадимда Сак маданиятининг марказларидан бири бўлганини тасдиқлайди”, дейилади расмий ахборотда.

Уйғур тумани ҳокимининг ўринбосари Эрасул Толимбекулининг айтишича, топилган олтин буюмлар баъзи тарихчиларнинг фикрича, милоддан аввалги II асрга оид Уйсун даврига тегишли бўлиши мумкин.

Теглар:
×