Эчкиэмарга нос чектирган йигит жазоланди

Эчкиэмарга нос чектирган йигит жазоланди

Аввалроқ, Бухоро вилоятида яшовчи фуқаро Ўзбекистон Қизил китобига киритилган бўз эчкиэмарга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиб, унга нос чектирганди. Ушбу шахс суд қарори билан жаримага тортилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти судлари хабар берди.

Маълум бўлишича, Бухоро вилояти Жондор туманида 2005 йилда туғилган фуқаро жорий йил 01 июнь куни Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган Бўз эчкиэмарнинг оғзига носвой солиб, унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиб ўлдирган. Унга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Суд залида ҳуқуқбузар 1 июнь куни “Ибн Сино” МФЙга қарашли Газли чўл массивида жойлашган дала шийпонига ўзининг қўйларини қамаш учун келганида эчкиэмарни кўриб қолганини, уни бошига таёқ билан уриб қўлига ушлаб олгани, кейин эса унинг оғзига мажбурлаб носвой солганини тан олган. Унинг айтишича, эчкиэмар 10-15 дақиқа хушсиз ҳолатда қолиб, кейинчалик юриб кетган. Ҳуқуқбузар шундан сўнг эчкиэмарни олиб, кўл қирғоғига отиб юборганини, бу ҳолатларни ўзининг шахсий телефонига видеога олиб, Instagram ижтимоий тармоғига жойлаштирганини айтган. У эчкиэмарга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлигини тан олсада, уни ўлдирмаганини билдирган. 

Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари, яъни 1,5 млн сўм жарима жазоси тайинланган.


×