Солиқ қўмитаси номидан ишлаётган 50 га яқин фирибгар ресурс аниқланди

Солиқ қўмитаси номидан ишлаётган 50 га яқин фирибгар ресурс аниқланди

Telegram мессенжерида Солиқ қўмитаси номидан фаолият юритаётган киберфирибгарларга тегишли 50 га яқин ёпиқ ва очиқ гуруҳ, канал ҳамда бот аниқланди. Бу ҳақда қўмитанинг ўзи хабар берди.

Ресурслар Киберхавфсизлик хизмати ўтказган мониторинг вақтида топилган. Улар орқали фойдаланувчиларга сохта таклифлар берилгани маълум бўлган.

Фирибгарлар нима таклиф қилган

Фирибгарлар кешбэк чекларини сотишга уринган. Улар пул эвазига ижара шартномаларини расмийлаштиришни ҳам таклиф қилган. Бундан ташқари, “кешбэк орқали пул ишланг” мазмунидаги реферал акциялар (танишларни жалб қилгани учун мукофот ваъда қилинадиган таклифлар) тарқатилган.

Фирибгарлар қўмита номидан турли хабарлар ва хавфли иловаларни ҳам юборган. Аниқланган ресурслар орасида soliquz_chek_keshbek, SoliqUz_keshbeklar, Soliqmobilxizmati, SoliqUzbDavlat_bot ва keshbek_soliqbot номлилари бор.

Қандай чоралар кўрилмоқда

Шу munosabat билан Солиқ қўмитаси Киберхавфсизлик хизмати Telegram’нинг техник қўллаб-қувватлаш хизматига расмий мурожаат юборди. Ресурсларни тўсиш масаласи шу йўл билан кўтарилган.

Қўмита фуқароларни норасмий канал ва гуруҳларга қўшилмасликка чақирмоқда. Улардаги ҳаволаларни очиш ҳам, бундай манбалардан олинган иловаларни қурилмага ўрнатиш ҳам хавфли.

Солиқ идорасининг номидан фирибгарлик қилиш ҳоллари илгари ҳам қайд этилган. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда қўмита раиси номидан сохта аккаунт очилгани ва у орқали идора ходимларига турли хабарлар юборилгани маълум қилинган эди.

×