АҚШ аэропортларида яна минглаб рейслар кечиктирилди

АҚШ аэропортларида яна минглаб рейслар кечиктирилди

АҚШда 22 ноябрь куни қарийб 6 мингта авиарейс кечиктирилди ёки бекор қилинди. «ФлайтАвер» (FlightAware) портали маълумотларига кўра, бир сутка ичида 5,7 мингдан ортиқ рейс кечикди, яна 242 таси бекор қилинди.

Носозлик мамлакатнинг энг йирик авиаташувчиларидан бири — «Делта эйр лайнс» (Delta Air Lines) тизимида юз берди. «Нью-Йорк пост» ёзишича, Жоржия штатидаги Атланта аэропортида компаниянинг электрон тизими ишдан чиққан. Бу бир неча юз рейснинг кечикишига сабаб бўлган.

Муаммо нимада

АҚШ Фуқаро авиацияси федерал бошқармаси (FAA) воқеани тасдиқлади. Идора ма'лум қилишича, «Делта» самолётларнинг вазни ва оғирлик марказини автоматик ҳисоблайдиган тизимдаги носозликларни бартараф этиш устида ишламоқда.

FAA алоҳида таъкидлади: кечикишлар ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимларининг ҳеч бири билан боғлиқ эмас. Демак, муаммо давлат диспетчерлик хизматида эмас, авиакомпаниянинг ўз тизимида чиққан. Тизим қачон тўлиқ тикланиши хабарда келтирилмаган.

Бир ҳафта аввалги ҳолат

АҚШ осмонида бундай узилиш биринчи марта юз бераётгани йўқ. 14 ноябрь куни ҳаво ҳаракатини бошқариш марказларига таъсир қилган алоқа тизимидаги носозлик туфайли FAA мамлакатнинг барча аэропортларидан парвозларни тўхтатиб қўйган эди.

Чекловлар рейсларнинг оммавий кечикиши ва бекор қилинишига олиб келди. Авиадиспетчерлар эса ҳавода бўлган самолётлар ҳаракатига тузатишлар киритишга мажбур бўлди.

Бир ҳафта ичида юз берган иккита йирик носозлик авиаҳаракат техник тизимларга қанчалик боғлиқлигини яна кўрсатди. Йўловчилар учун энг муҳими — кечикишлар қанчалик тез бартараф этилиши.

Теглар:
×