Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков бир жинсли никоҳ ва бошқа ташқи таҳдидларга қарши туришнинг йўлини айтди. У бу ҳақда Санкт-Петербургда ўтган Бирлашган маданиятлар форуми доирасида Россия Федерацияси Маданият вазири Ольга Любимова билан суҳбат чоғида айтиб ўтди, деб ТАСС хабар берди.
“Маданий хилма-хилликни сақлаган ҳолда маданий меросимиз ва қадимий анъаналаримизни асраб-авайлаш ва халқаро маданий алмашинувни кучайтириш – бир жинсли никоҳлар, ноаниқ поп маданият анъаналари, қалбаки санъат ва ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатишга қаратилган адабий образлар яратишга уринишлар каби турли эҳтимолий ташқи таҳдидларга қарши туришнинг муҳим омили ҳисобланади. Юқоридагиларнинг барчаси маданиятга бевосита таҳдид солади. Шу нуқтайи назардан, инсониятнинг маънавий ривожланишининг келажаги бевосита маданиятларнинг софлиги ва ҳақиқийлигини сақлашга боғлиқ”, деган Назарбеков.
Вазир Ўзбекистонда 130 дан ортиқ турли миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаётгани, уларнинг маданият марказлари мавжуд бўлиб, уларга ўз маданиятини эркин намойиш этиш имкони берилаётганини алоҳида урғулаган.
Назарбековнинг ўзи ҳам ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали Санкт-Петербургдаги форумда иштирок этгани ҳақида хабар берган ва унда шундай ёзган:
"Инсониятнинг келгуси маънавий тараққиёти маданиятларнинг софлиги ва асллигини сақлаб қолиш, дунё маданиятига қандай улуш қўшамиз ва ўз навбатида, дунё бизни қандай қабул қилишига бевосита боғлиқ. Зеро дунёдаги аксарият кескинликлар аввало, тушунарсиз, “янги” маданиятларни сингдиришга уриниш, маданиятларо қарама-қаршиликдан келиб чиқмоқда. Дунё бугун қандай ривожланиш йўлида бўлмасин, қадим цивилизацияларга асос бўлган маданиятларни сақлаб қолишимиз керак".
Маълумот учун, 16-18 ноябрь кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида IX халқаро маданият форуми – Бирлашган маданиятлараро форуми бўлиб ўтди. Тадбир Россия Федерацияси ҳукумати ва Маданият вазирлиги, Санкт-Петербург ҳокимияти ва Давлат Эрмитажи томонидан ташкил этилди.
Форумда дунёнинг 70 га яқин мамлакати вакиллари, жумладан 60 нафарга яқин маданият вазирлари иштирок этган.
Тасодифий хабарлар
Зеленский Эрдўғандан ёрдам сўради
Maksim Galkin yong‘inlarni o‘chirishga da’vat qilgan rossiyalik yulduzlarni ikkiyuzlamachilikda aybladi
Ўзбекистонда коронавирусга чалинган бемор ким билан мулоқот қилганини кўрсатувчи мобил илова жорий этилади
Қозоғистон ядро қуроли бўйича дунёга чақириқ билан чиқди
Чироқчида жаримага тортилган ЙПХ ходимининг маст бўлгани тасдиқланмади, ҳайдовчи эса туҳматда айбланди