АҚШ доллари қулаши мумкин

АҚШ доллари қулаши мумкин

Хитой ва Бразилия савдо операцияларида ўз валюталари фойдасига доллардан воз кечишга қарор қилганини расман эълон қилди. Эндиликда икки давлатда АҚШ валютасини олдиндан конвертация қилиш ўрнига тўғридан-тўғри юан ёки реалда (Бразилия реали – мамлакат пул бирлиги) амалга оширилади. Бу ҳақда “Fox Business” хабар берди

Маълум қилинишича, Хитой Бразилиянинг энг йирик савдо шериги ҳисобланади. Бу эса барча импортнинг бешдан биридан кўпроғини ташкил қилади. Пекин бугунги кунга келиб Лотин Америкаси мамлакатига кирувчи барча маҳсулотларнинг учдан бирини ташкил этувчи энг йирик экспорт бозорига айланган. Бразилия Лотин Америкасидаги Хитой сармоясининг энг йирик қабул қилувчиси ҳамдир.

Бразилия ва Хитой алоқалари фонида америкалик шарҳловчи Фарид Закария жаҳон бозорида доллар курсининг пасайиши ва бу туфайли содир бўладиган жиддий инқироз ҳамда АҚШ иқтисодининг таназзулга учрашини башорат қилди. Бу ҳақда у ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилган.

Унга кўра, Украина инқирози ва Вашингтоннинг Пекинга борган сари қарама-қарши ёндашуви Россия ва Хитой доллардан узоқлашишни диверсификация қилиш бўйича ҳаракатларини тезлаштиради. АҚШдаги Силикон водийси банкининг қулаши АҚШ валютаси аввалгидек мустаҳкамланмай, аксинча, заифлашишига сабаб бўлмоқда. 

Кузатувчининг эслатишича, Оқ уй тақчилликнинг ўсишига парво қилмаслиги мумкин, мамлакатнинг давлат қарзи сўнгги беш йил ичида қарийб 20 баробарга ошган. 

“Forbes” нашри эълон қилган маълумотга кўра , техник жиҳатдан АҚШ доллари қулаши эҳтимоли мавжуд бўлсада, у дунёдаги энг йирик иқтисоётдан ва унинг глобал заҳира валютаси мақомидан қўллаб-қувватланаётгани туфайли бу эҳтимол паст.

Нашр ўз навбатида пул ва молия дунёсида ҳамма нарса бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаган. Инвесторлар учун уларнинг молиявий ҳолатига таъсир қилиши мумкин бўлган потенциал натижалар ҳам муҳим ҳисобланади, ҳатто, улар эҳтимолдан йироқ бўлса ҳам.

“Tesla”, “SpaceX” асосчиси, миллиардер Илон Маскнинг фикрича, доллар тез орада жаҳон валютаси мақомини йўқотиши мумкин. Маск АҚШ маъмуриятининг ўта қаттиқ ва ўзгармас сиёсати туфайли кўплаб давлатлар ўз савдо битимларида доллардан воз кечмоқчилигини айтиб ўтган.


×