Европада табиий газ нархи 23 ноябрь куни бир кунда 8,6 фоизга ошди. Газ фьючерсларининг (келгусида етказиб бериладиган газга тузиладиган шартномаларнинг) асосий нархи бир мегаватт-соат учун 96 еврога етди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Нархни бир нечта омил кўтарди. Газ омборларидаги захира кам, мавсумий талаб ошмоқда, синоптиклар эса кескин совуқдан огоҳлантирмоқда.
Совуқ ва шамолсиз ҳафталар
Синоптикларнинг айтишича, Европанинг шимоли-ғарбида совуқ декабрь бошигача сақланади. Жорий ҳафтада ҳарорат сўнгги 30 йиллик ўртача кўрсаткичдан 3–5 даража паст бўлади. Декабрь бошида бу фарқ 5–8 даражагача етиши мумкин.
Германия, Дания ва Нидерландияда шамол сусаяди деб кутилмоқда. Бунда шамол электр станциялари кам электр энергияси ишлаб чиқаради. Натижада газга талаб яна ошиши мумкин.
Таъминотда узилишлар
Омборлардаги захира ҳозирданоқ одатдагидан анча кам. Қитъага қувур орқали энг кўп газ етказадиган Норвегияда таъминот узилишлари кузатилмоқда. Яқин Шарқда АҚШ ва Эрон ўртасидаги уруш туфайли газ экспорти чекланган.
Бу ҳафта Осиёда ҳам совуқ кутилмоқда. Шу сабабли суюлтирилган табиий газ (СТГ) учун рақобат кучайиши мумкин.
Нега захира йиғилмади
Bloomberg ёзишича, Европа бу йил қишга етарли газ тўплай олмади. Ёзда уруш туфайли нарх кескин ошганда ҳукуматлар ва компаниялар арзонлашишини кутиб, харид қилишга шошилмаган. Бироқ можаро чўзилди. Куз бошига келиб газ бир йил аввалгидан икки баравар қимматлашди.
Сентябрда таҳлилчилар қишда нарх бир мегаватт-соат учун 100 евродан ошиши мумкинлигини башорат қилган эди. Ҳозирги кўрсаткич шу чегарага яқин. Совуқ кучайиб, таъминот муаммолари давом этса, Европа учун қиш қимматга тушиши мумкин.









