Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида 2022 йилнинг 1 июль куни соат тахминан 15:00 ларда бошланган тўполон кўп ўтмай, марказий деҳқон бозори ёнидаги намойишга айланиб кетгани ҳақида кўпчиликнинг хабари бор.
Ижтимоий тармоқларда қайд этилишича, шаҳар кўчалари намойишида минглаб одамлар тўпланган. Шовқин-сурон, ур-сур ва тартиббузарликлар юзага кела бошлаган.
Жамоат тартиби бузилишининг олдини олиш ҳамда фуқаролар томонидан тартиббузарликлар содир этилишига йўл қўймаслик учун зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг куч ва воситалари жалб этилган.
Шундан сўнг, воқеанинг иккинчи кунида Ўзбекистон президенти Нукусда бўлган эди. Президент Конституциянинг Қорақалпоғистонга тегишли моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини айтиб, 3 июль куни яна Нукусга борганди ва видеоселектор ўтказганди.
Давлат раҳбарининг мурожаатидан кейин вазият барқарорлашаётгани маълум қилинган эди.
Ўшанда Нукус воқеалари сабаб Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида жанговар отрядлар ташкил этилиб, осойишталикни таъминлаш мақсадида автоном республикага жўнатилган эди.
Миллий гвардия Бухоро вилоят бошқармасининг ҳам қатор ҳарбий хизматчилари осойишталикни таъминлашда ҳисса қўшишган.
«Xabar.uz» мухбири шундай ҳарбий хизматчилардан бири Феруз Сеитмуратов билан суҳбатда бўлган.
«Одамлар сони 10 мингдан ошган, автобусларга жойлаштирилган ярадор хизматчилар ҳам оғир аҳволда эди. Шундан кейингина махсус воситалар қўллаб, жанговар тартибда сафланишга мажбур бўлганмиз ва одамларни тўхтатишга эришганмиз. Ўшанда ёвуз кучлар таъсирига тушиб қолган одамлар билан музокаралар олиб боришимизга тўғри келганди. Аммо, яширмайман, одамларга тушунтириш жуда қийин кечганди. Бироқ, «Биз ҳам шу юртнинг фарзандларимиз, бизнинг ҳам сизнингдек ота-онамиз, фарзандларимиз, яқинларимиз бор. Ҳаммамизнинг мақсадимиз битта – ватан тинчлигини сақлаш», дедик. Сўзнинг қудрати, қуввати бор, деган гапга иймон келтирдим. Ва амин бўлдикки, уларнинг ҳам қалбида ватан бор, юрт тушунчаси бор. Тўғри қарор қабул қилишди ва тарқалишди», — деди Феруз Сеитмуратов.
Феруз Сеитмуратов сўзига кўра, шундан сўнг одамлар тинчлантирилган ва вазият ўнгланган.
Воқеадан бир неча кун ўтгач, намойишга чиққан кўпчилик одамлар хатоларини тушуниб етиб, тинчлик тарафдори эканини билдиришган.
Жорий йилнинг 9 февралидан 17 мартга қадар Бухоро вилоят суди биносида, Нукус шаҳрида оммавий тартибсизликларни содир этганликда айбланаётган, билиб-билмай намойишга аралашиб қолган 39 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқилган.
Бугун суд ҳукми эълон қилинади
Бугун, 17 март куни суд якуни бўйича қарор эълон қилиниши арафасида.
Судланувчиларнинг яқинлари
«Воқеадан бир неча кун олдин «митинг» бўлиши ҳақида гап-сўзлар тарқалганди. Мен нима бўларкин, дея қизиқиб, Қонликўлга бордим. Оломон шу қадар кўп эдики, ҳаяжон ва ҳатто, ўзим билмаган важоҳатми, билиб-билмай, оқимга қўшилиб кетдим. Орадан кўп ўтмай, одамлар худди денгиз сувидек тошиб кетаверди. Шундагина бу чиқишларнинг ноқонуний намойиш эканини англаб етдим. Ўзим уёқдан бу ёққа югуриб, нима қилаётганимни билмай қолгандим. Мендай саросимада қолганлар ҳам сон-саноқсиз эди. Фақатгина жон сақлаб қолиш мақсад. Аммо, оломон орасидан четга чиқиб кетиш учун кеч бўлганди. Мен ҳам ҳарбий кучлар қуршовида қолгандим... Мана, темир панжара ортидаман. Болаларимни, оиламни соғиндим. Тавба қилдим, пушаймонман» — деди айбдорлардан бири.
Эслатиб ўтамиз, Нукус воқеаларининг асосий «фигурант»и – Тажимуратов 16 йилга қамалганди.
Manba: Xabar.uz
Тасодифий хабарлар
Янги йилни қорсиз кутволинадими?
5 декабр куни Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ёмғир ёғади
Оқ уй “тилга кирди”. Эрон ҳужуми масаласида баёнот берилади
[:uz]Наманганга ноқонуний олиб кирилган миллиард сўмдан зиёд смартфонлар фош этилди[:]
Уйғонинг, халойиқ: нега йўл-транспорт ҳодисаларига бефарқмиз?