«Агар шундай бўлса, ҳолимизга вой ўртоқлар» — Расул Кушербаев

«Агар шундай бўлса, ҳолимизга вой ўртоқлар» — Расул Кушербаев

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев Экология қўмитасидаги ишдан бўшатишлар ҳақида ўзининг шахсий мулоҳазаларини билдириб ўтди.



«Экология қўмитаси раиси ўринбосари бўлган Исломбек Боқижоновнинг йўналиши чиқиндиларни тартибга солиш бўлса-да, ўтган даврда улар билан дарахт кесишга қарши масалаларда кўп ишладик.

Мен Экоқўмитада табиатни севадиган одам ишлаши керак, деб ҳисоблайман ва Исломбек ака шундайлардан.

Охирги учрашувимизда чиқиндиларни бошқаришда давлат хусусий шерикликда ишлаш учун 50 дан ортиқ битимларни имзоланишига эришишганини айтганди. Инвестиция суммаси 1 трлн атрофида экан.

Тўғри, олдинда муаммолар кўп, бироқ бу енг шимариб ишлашнинг бошланиши эди.

Шунингдек, яқинда Чилонзор ва Учтепа туманларидаги дарахткушликда ҳам Исломбек ака жонбозлик кўрсатиб, қанча босим ва қийинчилик бўлмасин, фаолларни ёнида турганди. Ўшанда қўмитадан бошқа ҳеч ким келмаган.

Куни кеча эса улар ишдан олинган. Сабаби номаълум.

Уларнинг ишдан кетишига сабаб ҳақида кўпчилик қатори мендаги тахмин ҳам айнан дарахткушлик воқеаларига боғланмоқда.

Афсуски, кўпчилик айнан қийин, қалтис вазиятларда дарахт кесаётганларга қарши курашда негадир панада турарди, Исломбек ака эса аксинча ёнимизда бўлган.

Назаримда дарахткушликка қарши курашаётган, табиатни сақлаб қолиш йўлида ҳаракат қилаётганлар ҳақида раҳбариятга нохолис маълумотлар киритилмоқда. Ва бу иш бошида дарахт кесилишидан манфаатдор томонлар бўлиши мумкин.

Агар шундай бўлса ҳолимизга вой ўртоқлар: ҳақиқий «яшил макон»ни тушимизда кўрамиз», деб ёзади депутат.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 сентябр куни Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ҳудудида қурилиш ташкилоти томонидан 58 туп дарахтни кесиб ташлагани жамоатчилик фаолларининг норозиликарига сабаб бўлганди. 10 сентябрга ўтиб эса, Бош прокуратура ҳолатга муносабат билдириб, қурилиш ташкилоти раҳбарининг кесилган дарахтлар учун қарийб 800 млн сўм бадал пули тўлаб берганини маълум қилганди. 


×