26 ёшли Умиджон аёллар мардикор бозорини йўқ қилмоқчи

26 ёшли Умиджон аёллар мардикор бозорини йўқ қилмоқчи

Биз деярли ҳар куни келажагимиз «АйТи» билан боғлиқлиги ҳақида эшитамиз. Ден Брауннинг «Ибтидо» асари ҳам айнан мана шу соҳага яқин бўлганлиги туфайли машҳур бўлиб кетди.

Бу асарда келажагимиз «АйТи»га қай даражада боғлиқлиги кўрсатилган. Бир ҳақиқатни тан олайлик, Сиз истайсизми-йўқми, ҳаётимиз техналогиялар билан жипслашиб кетса, кетадики, асло узилиб кетмайди. Шунинг учун ҳам уни ўрганишимиз, ижтимоий тармоқдан фойдали мақсадларда фойдаланишимиз керак.

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги Ёшлар маркази биносидаги хоналардан бир нечтаси айнан «АйТи» билан шуғулланувчи, ёш йигитлардан ташкил топган жамоага берилган.

Умиджон Ортиқов бошчилигидаги жамоа икки йўналишда фаолият олиб боради. Биринчи йўналиш айнан «АйТи»нинг сир-асрорларини ўргатиш бўлса, иккинчиси жамоавий тарзда хизмат кўрсатиш.

Шу ўринда савол туғилиши мумкин: нима учун ёшлар маркази ўз биносидан уларга жой берди. Устига-устак, ҳеч қандай ижара ҳақи ҳам олмайди. Гап шундаки, Умиджон Ортиқов имконияти чекланган болаларни бепул ўқитади. Ахборот технологиялари имконияти чекланган болалар учун айни муддаодир, дейди биз билан суҳбатда Умиджон.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида таълим олиб, айнан мана шу йўналишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган қаҳрамонимиз 26 ёшда.

Бу ерда дарс бераётган бошқа йигитлар ҳам ҳали 30 ёшга ҳам тўлмаган. Уларга қараб ҳавасингиз келади. Ўқишдан сўнг бекор юрмасдан ишлаган ёшлар ҳам моддий даромад топишади, ҳам IT бўйича олган билимларини мустаҳкамлашади.

Шунда савол туғилади: мана шу йўналишда қандай қилиб даромад топса бўлади? Чунки орангиздаги кўпчилик бу йўналишда ўқиб чиқишга ҳам улгурган бўлсангиз, ажабмас. Билим олиш бошқа-ю, мана шу билимларни амалда тўғри қўллай олиб, уни моддий маблағга айлантириш умуман бошқа ҳолат.

Умиджон биз билан суҳбатда «АйТи» йўналишида яхши даромадга эга бўлиш учун инсон, биринчи навбатда, тартибга риоя қилиши кераклиги ҳақида гапириб ўтди.

Йигитча билан суҳбатлашарканман, мен ҳам шу йўналишда билимларимни оширсаммикан, деб ўйлаб қолдим. Мақсадим, журналистикани ташлаб, пули кўпакан, деб ўзимни «АйТи»га уриб кетиш эмас, балки ўз фаолиятимни айнан шу соҳани ўрганган ҳолда ривожлантириш. Чунки сиз IT орқали бошқа соҳа ва йўналишларнинг ҳам ўсишига сабабчи бўлиб қолишингиз мумкин. Умиджоннинг ҳам бу борадаги режалари катта.

У айнан «АйТи»ни аёллар орасида оммалаштириб, уларнинг уйдан чиқмаган ҳолда ҳам даромад топишларига кўмаклашиш ва шу орқали аёлларнинг мардикор бозорини йўқ қилиш!

Хўш, биз нима учун бу йигит ва унинг жамоасини эътиборингизга ҳавола этдик, топинг-чи?

Мақсадимиз, сизнинг тўғри танлов қилишингизга кўмаклашиш. Сиз «АйТи»ни саноқли ойларда ўрганиб, масофадан туриб ҳам яхшигина моддий даромадга чиқа олишингизни исботлаш. Агар шу йўналишда ўқиган бўлсангиз, иш тополмаётган бўлсангиз, марҳамат, Умиджонга учрашинг.

×