Автобус ва метро йўлкираси ошади

Автобус ва метро йўлкираси ошади

Тошкент шаҳар жамоат транспортида 2022 йил 1 январдан йўлкира нархини 1 700 сўм миқдорида белгилаш (ҳозирда 1 400 сўм) режалаштирилмоқда. Бу Тошкент шаҳар ҳокимининг «Янги тарифлар жорий қилиниши тўғрисида»ги қарори лойиҳасида кўзда тутилган.

2022 йил 1 январдан Тошкент шаҳри ҳудудида шаҳар йўловчилар транспорти — автобус ва метрополитенда қатновлар амалга ошириш учун чекланган тарифлар:

  • бир йўловчи учун – 1 700 (бир минг етти юз) сўм;
  • бир йўловчининг багажини ташиш бўйича хизмат учун - 3 000 (уч минг) сўм.

Қайд этилишича, йўлкира ҳақи йиғилишида шаффофликнинг таъминланиши шаҳар жамоат транспортида нақд пул орқали тўловларни амалга оширувчи йўловчилар сони камайиши эвазига транспорт карталаридан фойдаланувчиларнинг сони ва улардан тушадиган маблағларнинг кескин ўсишига, улар томонидан чекланган тарифлар асосида кўриладиган зарарлар миқдорининг камайишига олиб келади.

2022 йилда янги тарифларнинг жорий этилиши натижасида, дастлабки ҳисоб-китобларга биноан, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ тизимидаги автобус саройлари ҳамда «Тошкент метрополитени» УКнинг кутилаётган умумий зарари миқдори камайиши эвазига шаҳар маҳаллий бюджетида 128-130 млрд сўм миқдорида маблағлар тежалиши кутилмоқда.

×