Қаршидаги ётоқхона даҳшатлари

Қаршидаги ётоқхона даҳшатлари

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган Қаршида жойлашган хароба ҳолдаги ётоқхона ҳақидаги хабарлар бўйича Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Қарши шаҳри, Шодлик маҳалласида жойлашган 2-сонли ётоқхона биноси 2019 йил 3 майдаги олди-сотди шартномасига асосан тадбиркор Анвар Жовлиев томонидан сотиб олинган. Яъни, бино 2019 йилдан буён 2-сонли ётоқхона эмас, қонуний тадбиркорнинг хусусий мулки ҳисобланади.

Ўзбекистонда хусусий мулкни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси Конституциямизнинг 53-моддасида белгиланган.

Унга кўра, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир”, дейилади хабарда.

Тадбиркор биносида жами 120та хона мавжуд бўлиб, шундан, 18таси ёрдамчи хоналар (ошхона, ювиниш хонаси, омборхона), 102таси яшашга мўлжалланган хоналардан иборат.

Ўрганишлар жараёнида бугунги кунда 64та хонада фуқаролар ноқонуний яшаб келаётганлиги,  улар турли ҳудуд(туман/шаҳар)лардан келиб, ўзлари ўзбошимчалик билан ётоқхонага жойлашиб олганлиги, тадбиркор бир неча бор огоҳлантиришига қарамасдан улар хоналардан чиқмаганлиги аниқланди.

Тадбиркор А.Жовлиев инсонийлик жиҳатидан уларнинг яшашига рухсат беришга мажбур бўлган.

Қарши шаҳридаги “ётоқхона” деб айтилаётган бино бугунги кунда ҳақиқатдан ҳам таъмирталаб аҳволда бўлиб, тадбиркорга қарашли бўлганлиги сабабли давлат томонидан бу ерда таъмирлаш ишларини олиб бориш қонунга зид.

Бугуннинг ўзида мазкур ётоқхона ва унинг атрофида тозалаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, тартибга келтирилди. Аммо, бу билан масала охирига етиб қолмайди. Яъни, кўпчилик фуқароларнинг ўз яшаш ҳудудларида уларнинг номида уй-жойлари мавжуд. Шундай экан, тез кунларда ким уй-жойга муҳтож, кимнинг уй-жойи борлиги ўрганилиб, ҳар бири бўйича охирги хулосалар берилади.

Шунга қараб бинода яшаб келаётган уй-жойи бўлмаган фуқароларни келгусида турар жойлар билан таъминлаш чоралари кўрилади. Туманлардан келиб бинога жойлашиб олган фуқаролар аввалги яшаш манзилларига қайтарилади. Барча фуқаролар муаммоси тегишли тартибда ҳал этилганидан сўнг бино тадбиркорга бўшатиб берилади.

Бугунги кунда Яккабоғ туманида “Саховат уйи” мавжуд. Ўша ерда боқувчисини йўқотган, ногиронлиги мавжуд ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар юқори шарт-шароитларда яшаб келмоқда. Шунингдек, жорий йил Қарши шаҳар, “Беклар” маҳалла фуқаролар йиғини, Амир Темур кўчасида жойлашган 136-сонли ётоқхона биноси қайта таъмирланиб, мустақиллик байрами арафасида катта тантана билан фойдаланишга топширилган эди.


×