Мигрантлар Россиядан кетгани яхшими?

Мигрантлар Россиядан кетгани яхшими?

Россияда фаолият олиб борадиган ҳуқуқшунос Зарнигор Омонуллаева ушбу саволга жавоб берди. Ваҳимангиз ва қўрқувингизни жуда яхши тушунаман. Ишонинг, хавотирларингиз ўринли. Бироқ, вазиятга ахборот шовқинини олиб ташлаб, реал қарайлик.

Агар мигрантларни мажбуран урушга юбориш мақсадлари бўлганида қонунчиликка бу ҳақда ўзгартиш киритишар эди. Кўрдингиз, қонунчиликни ўзгартиришмоқчи бўлса, уларга бу учун 4 соат вақт етиб, ортаяпти. Лекин ҳалигача мобилизация ва ҳарбий ҳолат бўйича қонунчиликда чет эл фуқаролари ҳеч қандай мажбурий акт иштирокчилари эмас.

Ҳозирда амал қилиб турган қонунчиликка кўра фақат Россия фуқаролиги борлар мажбурланади. Россия фуқаролиги йўқлар учун мажбурлаш ва ҳарбий хатар йўқ.

Чегара ёпилишидан қўрқаётган бўлсангиз — карантинда чегаралар ҳамма учун ёпиқлигида ҳам Россиядан чиқиб кетишга тақиқ бўлмаганини эсланг. Россия фуқаролариям, мигрантлар ҳам Россиядан бемалол чиқиб кета олган.

Чиқиб кетишга тақиқ бўлмаганидан кейин хоҳлаган вақтингиз кетаверасиз. Ҳозир ҳамма нарсани ташлаб, тайёргарликсиз кетиб, уйда оилангиз билан бирга оч қолишингиз шарт эмас.

Мабодо, фавқулодда қандайдур ҳолат бўлиб қолса карантиндагидек чартер рейслар ва бошқа эвакуация чоралари кўрилади. Хавотир олманг.

Мигрантлардан ҳозир нима талаб қилинади?

Ҳарбийликка бўлган тарғиботга алданиб, ёлланиб кетиб қолмаслик талаб қилинади.

Ҳужжатларсиз, ноқонуний мигрантга айланиб қолмаслик сўралади. Чунки текширув кўп.

Сизга нисбатан бирор ножўя ҳаракат бўлса зудлик билан элчихона, ҳуқуқ фаоллари ёки журналист/блогерларга мурожаат қилиш тавсия этилади.

Ишингиз тайин бўлса, ҳарбийликка ҳеч ким ҳеч нарса, деб сизни чақира олмаслигига 100 фоиз ишончингиз комил бўлса ҳозирча Россияда ишлайверинг.

Алданиб қоламан ёки Ўзбекистонда ҳам ишларим яхши, бу ерда юришим шарт эмас, десангиз унда албатта кетганингиз яхши. Ўзингизни ҳам, яқинларингизни ҳам хавотирга қўймайсиз.

Тушунганингиздек, ҳозир зудлик билан кетиш керак бўлган вазият эмас. Агар қолаётган бўлсангиз, илтимос, яқинларингиз билан ҳар куни алоқада бўлиб туринг. Уларни хавотирга қўйманг. Яхшилигингизни билиб, тинч ўтиришсин. Сиздан хавотир олиб, бирор касаллик орттиришса яхши иш бўлмайди.


×