Прокурор Наманган шаҳар аҳолига мурожаат билан чиқди

Прокурор Наманган шаҳар аҳолига мурожаат билан чиқди

Ҳурматли ҳамшаҳарлар!
Бутун дунё мамлакатларида коронавирус пандемиясига қарши
кураш, унинг таъсирини юмшатиш билан бир қаторда, пандемия
шароитида яшаш, корхоналар фаолиятини давом эттириш ва
аҳолининг турмуш тарзини ҳам пандемия шароитига мослаш
тенденцияси кузатилмоқда.

Наманган вилоятида ҳам пандемия даврида аҳоли соғлиғини
сақлаш ва касалликнинг кенг тарқалиб кетишини олдини олиш
учун зарурий чоралар кўриш асносида карантин талаблари ва
чекловлар сабабли тўхтаб қолган иқтисодиёт соҳаларини қайта
тиклаш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳалардаги
тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, Коронавирус инфекцияси кириб келиши ва
тарқалишини олдини олиш бўйича вилоят комиссиясининг
2020 йил 8 август кунги йиғилиш баёни билан вилоятимизда, шу
жумладан Наманган шаҳрида 10 августдан бошлаб коронавирус
инфекциясини кенг тарқалишини олдини олиш ва карантин
даврида аҳолига қулайлик яратиш, тадбиркорлик субъектлари
фаолиятига босқичма-босқич рухсат бериш, мулкчилик шаклидан
қатъий назар барча объектларда санитария қоидалари ва гигиена
нормативларига риоя этилишини таъминлаш белгиланди.

Мазкур баён талабларига кўра, тадбиркорлик субъектлари ва
маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари ўз фаолиятини давом
эттириши учун санитария-эпидемиология органларининг сектор
раҳбарлари билан келишган хулосаси ва ҳудудий ҳокимлар
томонидан тақдим этиладиган кафолат хатига асосан рухсат
этилади.

Эндиликда, юқоридаги талаб бўйича умумий овқатланиш
объектлари, истироҳат боғлари, дам олиш масканлари, барча
турдаги ихтисослаштирилган бозорлар, спорт заллари, тренажор,
фитнес клублар, давлат ва нодавлат мактабгача таълим
ташкилотлари, нодавлат таълим марказлари, тўгараклар,
сартарошхона ва гўзаллик салонларининг фаолияти босқичмабосқич қайта йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, ҳурматли тадбиркорлар ва корхона
раҳбарларидан ўз фаолиятларини олиб боришда санитария
қоидаларига қатъий риоя этиш, коронавирус тарқалишини олдини
олиш учун зарурий бўлган барча профилактик чораларни кўриш,фаолият кўрсатаётган объектда хизмат қилувчи ходимларнинг соғлиғига эътиборли бўлиш талаб этилади.

Мазкур талабларнинг бажарилишига корхона, муассаса ва
ташкилот раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланади.
Ушбу талабларга риоя қилмаслик ҳолатларининг ҳар бири
юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қатъий
жавобгарликка тортиш ҳамда санитария-эпидемиология органлари
томонидан корхона, ташкилот ва муассасалар фаолиятини ёпишдан
иборат чоралар қўлланади.

Жумладан, эпидемияга қарши кураш тўғрисидаги қонун
ҳужжатларини бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига
асосан фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг
30 бараваригача, мансабдор шахсларга нисбатан 50 бараваригача
миқдорда жарима солиш белгиланган.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 257-1-моддасида
санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш
қоидаларини қўпол равишда бузганлик учун базавий ҳисоблаш
миқдорининг 100 бараваригача жарима, ушбу ҳолат одам ўлимига
сабаб бўлса, 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва тадбиркорлар, Сиздан
фаолиятингизни санитария-гигена қоидаларига қатъий риоя қилган
ҳолда олиб боришингизни ва бу борадаги масъулиятингизни янада оширишингизни сўрайман.

Зеро, мазкур қоидаларга тўлиқ амал қилиш коронавирус
тарқалишини олдини олишга, Сиз ва бизнинг оила аъзоларимиз,
яқинларимизнинг соғлиғини асрашга, келгусида карантин режими
қайта жорий қилинмаслиги ва чекловлар ўрнатилмаслигига хизмат
қилади.

Наманган шаҳар прокурори.

Namanganliklar.Uz

×