Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонлари 2 сентябрдан бошланади

Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонлари 2 сентябрдан бошланади

Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари сентябрь ойининг бошида ўтказилиши режалаштирилган. Бу ҳақда АОКА залида бўлиб ўтаётган матбуот анжуманида маълум қилинди.

«Август ойида барча бинолар ва стадионларни жиҳозлашни амалга оширамиз, сентябрь ойи бошида тест синовларини ўтказиш режалаштирилган», — деди Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Барно Ражабов.

ДТМ директори ўринбосари Сардор Ражабов имтиҳонлар бўладиган кунларга аниқлик киритди.

«Тест синовлари 2 сентябрдан бошланади. 14 кун давом этади», — деди ДТМ директори ўринбосари Сардор Ражабов .

«Стадионларда кузатув камералари, албатта, бўлади. Ҳар бир абитуриент ва кузатувчиларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати суратга олинади ва телевидение орқали бериб борилади.

Ичкаридаги ҳолатга Давлат тест маркази, имтиҳон топшириладиган объект ҳудудига кириш жараёни учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жавоб беради», — деди Барно Ражабов.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 6 август куни 2020 йилда олий таълим муассасаларига қабулни ташкил қилиш ва 2020/2021-ўқув йилига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказган эди.  Унда ёпиқ бинолар эпидемиологик талабга жавоб бермаслиги, ижтимоий масофага риоя қилинган тақдирда имтиҳонлар вақти анчага чўзилиб кетишини инобатга олиб, тест синовларини Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларидаги стадионларда ташкил этиш юзасидан топшириқ берилган.

Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонларини 25 июлдан 20 августгача ўтказиш режалаштирилаётганди. Бироқ мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашаётгани сабабли 10 июлдан 1 августгача мамлакатда қатъий карантин чоралари жорий қилинди ва кейинчалик карантин 15 августга қадар узайтирилди. 22 июлда АОКАда ўтган брифингда Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов имтиҳон чекловлар 1 сентябргача давом этса, сентябрь ойида ўтказилиши мумкинлигини айтганди. Шунингдек, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги 2020/2021-ўқув йили қабули учун магистратурага ҳужжат топширган ва муайян сабабларга кўра аризаси қабул қилинмаган абитуриентларга муаммони бартараф қилиш учун 4 августдан 6 август соат 11:00 гача вақт берган.

Аввал Давлат тест маркази Ўзбекистонда пандемия шароити мураккаб кечаётганлиги, карантин чекловлари бекор қилинмаётганлиги ёки юмшатилмаганлиги боис олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларини ўтказиш муддатлари тест топширувчилар саломатлигига зарар етмайдиган вазият келгунга қадар кейинга сурилиши ва бу ҳақда жамоатчилик мунтазам хабардор қилиб борилишини билдирганди.

×