Теледарслар 14 сентябрдан бошланади

Теледарслар 14 сентябрдан бошланади

14 сентябрдан бошлаб Республика умумтаълим мактабларида 2020/2021 ўқув йили бошланади. Бунда онлайн мактаб орқали барча синфларнинг дарслари бериб борилиши йўлга қўйилса, анъанавий шаклдаги мактаблар босқичма-босқич вазиятга қараб фаолиятини тиклайди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар бермоқда.

Мактабларнинг анъанавий шаклда очилиши тўғрисидаги қарорлар ҳар бир мактаб бўйича индивидуал тарзда уларнинг ҳақиқий тайёргарлиги, ҳудуддаги ёҳуд мактабдаги санитария-эпидемиологик вазият, ўқитувчилар орасида коронавирус касаллигининг қайд этилиши ҳамда соғлиқни сақлаш тизими хулосаларига мувофиқ фақатгина Маҳаллий Кенгаш депутатлари рухсатидан сўнг қабул қилинади.

Республикамиздаги барча мактаблар юқорида санаб ўтилган ҳолатлардан келиб чиқиб босқичма-босқич очилиши кўзда тутилган.  Анъанавий шаклда фаолиятини бошлаган мактаблар тўғрисидаги маълумот, доимий равишда ижтимоий тармоқлар ва расмий веб-сайтлар орқали вилоят ва туман халқ таълими бўлимлари томонидан эълон қилиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, анъанавий шаклда фаолиятини тиклаган мактабларнинг ўқувчилари мактабга бориши ёки уйда қолиб таълим олиши фақатгина ота-оналар томонидан белгиланиши зарур. Мактаб маъмурияти томонидан ўқувчиларни анъанавий шаклга жалб қилиш ва ота-онага босим ўтказиш тақиқланган.

«Ўз навбатида, фарзандини мактабга юбормаган ота-она фарзандини масофавий таълим олишини назорат қилиши сўралади», дейилади вазирлик хабарида.

×