Facebook`нинг “бўғилиши” Ўзбекистонга қанчага тушяпти?

Facebook`нинг “бўғилиши” Ўзбекистонга қанчага тушяпти?

Ўзбекистонда жорий йилнинг июль ойи бошидан Facebook тармоғига уланишда муаммолар кузатила бошлади. Мамлакатда ижтимоий тармоқларни блоклаш янгилик бўлмагани учун Facebook яна норасмий тақиққа учрагани тахмин қилинди.

Facebook`ни блоклаши мумкин деб қаралган “Ўзкомназорат” давлат инспекцияси турли сайтларга киришни белгилаш ташкилот ваколатига кирмаслигини айтди. Шу билан бу масала тинчигандек кўринди. Бироқ Facebook`га киришдаги қийинчилик бартараф этилмади. 

Бугунги кунда бошқа қатор ижтимоий тармоқлар сингари Facebook ҳам одамларнинг оддий мулоқот майдони эмас, тадбиркорлар учун арзон реклама, маҳсулот сотиш ва сотиб олиш майдонига айланган. Замонавий ишбилармонлик борки, турли ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланади ва ўз маҳсулотини тарғиб қилади. Бундан тадбиркорнинг ўзи ҳам фойда кўради, давлатга ҳам фойда келтиради.

Арзон реклама майдони ва тадбиркорларнинг дастёри блокланса, Ўзбекистон нимадан маҳрум бўлади? Турли ижтимоий тармоқларнинг чекланиши давлатларга қанчага тушишини ҳисоблаб берувчи NetBlocks сайти орқали буни билиш имкони бор.

NetBlocks ўзи нима ва кимга қарашли эканига тўхталсак. NetBlocks – бу рақамли ҳуқуқ, киберхавфсизлик ва интернет бошқаруви соҳасида фаолият юритувчи фуқаролик жамоаси. Бу нодавлат бирлашма.

NetBlocks маълумотига кўра, Ўзбекистонда Facebook`нинг бир кун давомида блокланиши 779 750 АҚШ долларига тушаркан. Ўзбекистонда 20 кундан ортиқ вақт мобайнида Facebook`да муаммолар кузатилаётганини инобатга олсак, умумий зарар 15 млн доллардан ортиқ бўлади.

1

Албатта, бу рақамларни 100 фоиз аниқ ва бехато дейишдан йироқмиз. Аммо ҳисоб-китоблар ҳам осмондан олинмаган.

NetBlocks давлатларнинг рақамли иқтисодиёти даражасини инобатга олиб, Брукингс институти ривожланиш кўрсаткичлари методидан фойдаланиб, виртуал оламга ўрнатилаётган чекловлар ялпи ички маҳсулотга қанчалик зарар келтиришини ҳисоблайди.

Facebook бошқа мамлакатларда муаммоларсиз ишлаяпти. Тўғри, айрим техник узилишлар кузатилиб туради, бироқ булар тезда бартараф этилади ва тармоқ расмий маълумот эълон қилади. Ўзбекистон билан бундай бўлмаяпти. Яна бир омил, Facebook`нинг ўзбекистонликлар учун анча яхши таниш бўлиб қолган VPN дастурлари билан ишлашида муаммо кузатилмаяпти. Бундан биргина хулоса келиб чиқади: Ўзбекистонда Facebook`га норасмий тақиқ ўрнатилган. Аммо буни ким ўрнатгани, нега бундай қилганини ҳеч ким билмайди. Туя кўрдингми – йўқ.

Бундан аввал ҳам Ўзбекистонда Facebook ва Youtube блокланганди. Ўшанда ҳам ҳеч бир расмий идора буни тан олмаган. Кейинроқ эса тармоқни блоклаганлар қамоққа олингани айтилганди. Бу сафар Facebook`нинг яна ишлаб кетиши нима билан тугаши даргумон. 

Шу ўринда яна бир нарсага алоҳида тўхталиб ўтиш даркор. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида июль ойида ўтказилган йиғилишларидан бирида бундан буён ҳокимлар кунига икки соат жамоатчиликдан тушган саволларга жавоб бериши кераклиги айтилди. Агар мамлакат аҳолининг кўп қисми Facebook’дан фойдаланишини, эътироз, шикоят ва мурожаатларнинг кўп қисми айнан ушбу тармоқда бўлишини инобатга олсак, хўш, ҳокимлар бу тармоқдан қандай қилиб фойдаланиб, аҳоли муаммоларига қандай ечим топади? Ё улар ҳам VPN ишлатадими?

×