UzAuto Motors компаниясининг Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 21/31-сонли ишига оид 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича ўтказилаётган суд жараёни якунлангани ва судда Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAuto Motors компаниясига ютқазгани ҳақида хабар берилганди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев суд қарори бўйича ўз муносабатини билдирди.
UzAuto Motors ва уни қўллаб-қувватловчиларнинг ҳарак(ж)атлари зое кетмади. Улар шуни исташди, шу бўлди, улар «бўл» деди, бўлди, «бўлма», деса, бўлмасди.
Уларга қанча гул, пул, куч, эътибор керак бўлса, ҳаммаси муҳайё. Фақат одамларнинг ишончи ва ҳурматидан ташқари... Аммо улар учун бир чақалик қиймати йўқ ишонч ва ҳурматсиз ҳам улар ғолиб, буюк ва тенгсиз бўлиб қолаверишлари мумкин. Чунки улар «эски Ўзбекистон» бўла туриб «янги Ўзбекистон»ни мағлуб эта олдилар.
Хуллас, янги Ўзбекистондаги «эски Ўзбекистон»га «ғалаба» муборак!
Судга эса гап ҳам йўқ.
Расул Кушербаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Эслатиб ўтамиз, депутат Расул Кушербаевнинг танқидлари ортидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси 2020 йилнинг июль ойида UzAuto Motors АЖга нисбатан иш қўзғатган эди. Қўмита компания томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонунни бузиш аломатларини аниқлаган.
UzAuto Motors ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўртасидаги суд жараёни 2 октябрь куни бошланган, 9 октябрда ўтказилган суд мажлисида UzAuto Motors товарлар нархини шакллантириш махфий ҳужжатларга асосланганини билдирган ва суд 16 октябрдаги мажлисда ишни ёпиқ тартибда кўришни бошлаган.
Тошкент шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 30-октябрдаги ҳал қилув қарорига асосан аризачи UzAuto Motors АЖнинг жавобгар Монополияга қарши курашиш қўмитасига нисбатан махсус комиссиясининг 21/31-сонли иш бўйича 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси қаноатлантирилди.
Суд жараёнлари орасида UzAuto Motors компанияси турли баёнотлар қилиб, Монополияга қарши курашиш қўмитасини ОАВга босим ўтказаётганликда айблади. Монополияга қарши курашиш қўмитаси эса UzAuto Motors’ни давлат органига нисбатан ахлоқий меъёрлардан чиқмаган ҳолда мулоҳаза юритишга чақирди. Якунда UzAuto Motors’нинг мазкур айблови ўз тасдиғини топмади.
Тасодифий хабарлар
Наманган қишлоқларига 4G интернет кириб бормоқда
“Tesla” компанияси ишлаб чиқарадиган смартфоннинг суратлари пайдо бўлди
"Права" савдосига киришган ўқитувчи қўлга тушди
Ҳиндистонда коронавирусга чалинган беморда “яшил моғор” аниқланди
Ақлли дўкон электрон буйруқ асосида ишлайди